Тошкент шаҳрида ёш болалар ўртасида грипп касаллигига чалиниш ҳолати кескин кўпайди, деб хабар берилди «Янги Давр» информацион дастурида.
Маълум бўлишича, Тошкент педиатрия тиббиёт клиникасига болаларнинг гриппга чалиниш ҳолати билан ҳар куни 400 га яқин мурожаат келмоқда. Улар орасида оғир аҳволда олиб келинганлари ҳам бор. Мутахассислар фикрича, ота-оналар болаларини уй шароитида ўзбошимча даволаб, оғирлашиб қолгач, шифокорга кўрсатмоқда.
«Жуда ҳам касаллик кўпайиб кетди. Гриппнинг кечуви бир мунча оғирлашди. Болаларда касаллик белгилари температурасиз, бирдан ўпкага ўтиб кетиш, пневмония ҳолатлари кузатиляпти. Бир кунда 450-500 талаб мурожаат қилинмоқда», — дейди педиатр Клара Омонова.
«Ёш болаларга антибиотикларни фақат шифокор тавсиясига кўра қўллаш мумкин. Дори воситаларини палапартиш бериш уларнинг касалини тузатмайди, аксинча иммунитетини тушириб, аҳволини янада оғирлаштиради. Бундан ташқари, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, бола парвариш қилинадиган хоналарни вақтида шамоллатиш ва озода сақлаш зарур», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда грипп касаллигига қарши курашиш масалаларига тўхталиб ўтганди. «Ҳозир грипп кучайган, айниқса, Тошкентда грипп кўпайди. Душанба куни гриппга ҳам қарши вакциналар олиб келяпмиз. Аммо ‘коронавирус грипп экан’, деган гаплар ёлғон», — деган Президент.
Изоҳ (0)