«Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, ҳокимликларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашуви тақиқланади. 2022 йилдан экишга тавсия этилган буғдой навлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мустақил жойлаштирилади.
Қарорга мувофиқ, 2022—2024 йилларда кластер ва фермерлар етиштирган ҳосилининг ғалла экилган ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади. Ҳар йили 1 августгача буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нархи ОАВда эълон қилинади.
Қайд этилишича, давлат бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қуйидагилар тақиқланади:
- имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига аралашиш;
- буғдойни сотиш, шартномалар тузиш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашиш;
- ғаллачилик кластерларига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида ёзма ёки оғзаки тартибда кўрсатма бериш.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда Президент 2022 йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилишини маълум қилган.
Изоҳ (0)