Дунё ва ўзбек спортига оид 11 ноябрь кунининг энг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Суперлиганинг қолдирилган ўйини бўлиб ўтди

Фото: «Насаф»

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тури қолдирилган ўйинида «Насаф» сафарда «Сурхон» билан баҳс юритди. Умумий ҳисобда тўртта гол урилган ўйинда қаршиликлар икки тўп фарқи билан олдинда бориб, якунда ғалабани қўлдан чиқарди.

Рўзиқул Бердиев ва Улуғбек Бақоев 2 ўйинга четлатилди

ЎФА тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва бир қатор қарорлар эълон қилинди. Унга кўра, Рўзиқул Бердиев ва Улуғбек Бақоев 2 ўйинга четлатилди. «Сўғдиёна» эса битта уй ўйинини томошабинларсиз ўтказади. Тартиб-интизом қўмитасининг қарори билан батафсил бу ерда танишиш мумкин.

Бокс бўйича аёллар ўртасидаги ЖЧ келаси йилга қолдирилмоқда

Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) декабрь ойида Туркияда ўтиши режалаштирилган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини келгуси йилга қолдирмоқда, деб ёзади МОҚ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бунга сабаб сифатида бутун дунёда юзага келаётган коронавирус пандемиясининг яна бир тўлқини келтирилмоқда. Халқаро ташкилот бу борада Туркия миллий федерацияси билан музокара ўтказгани маълум қилинган.

Истанбул шаҳри 6—19 декабрь кунлари аёллар ўртасидаги дунё биринчилигини қабул қилиши керак эди. Янги келишувга кўра, муддат келаси йилнинг март ойига қолдирилмоқда.

Жасурбек Яхшибоев ва Ҳожиакбар Алижонов Грузияга қарши ўйинни ўтказиб юборади

Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8 ноябрдан Тошкентда ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда.

Мазкур йиғинга жароҳат билан келган Жасурбек Яхшибоев ўзини ноқулай ҳис қилган. Текширувлар натижасига кўра, унинг Грузияга қарши учрашувни ўтказиб юбориши маълум бўлди.

Шунингдек, Ҳожиакбар Алижонов ҳам жароҳат сабаб Грузияга бормайди. Бунгача Рустам Ашурматов, Шаҳбоз Умаров ва Достон Турсунов терма жамоа ихтиёрини тарк этганди.

Жаҳон

«ПСЖ» президенти Рамоснинг ҳолатидан норози

Фото: «ПСЖ»

«ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳелайфи жароҳати туфайли ҳали жамоада дебют ўтказмаган Серхио Рамоснинг ҳолатидан норози.

L’Equipe хабарига кўра, менежер 35 ёшли футболчининг соғлиғи билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. У «ПСЖ» тиббий штабига Рамос жароҳатидан тузалиши учун жуда кўп вақт кетаётганидан шикоят қилган.

Бироқ Рамоснинг атрофидагилар тикланиш жараёни яхши кетаётгани, клуб ва унинг муносабатлари илиқ эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Рамос ёзда «Реал»ни эркин агент сифатида тарк этганидан бери ҳали «ПСЖ»да дебют қилгани йўқ.

Аввалроқ унинг умумий машғулотларига қайтгани ҳақида хабар берилганди.

Погба Роналдудан кўпроқ маош олмоқчи

Фото: Twitter

Ярим ҳимоячи Пол Погба «Манчестер Юнайтед» билан шартномасини узайтиришга тайёр.

Manchester Evening News нашрининг L’Equipe’га таяниб хабар беришича, 28 ёшли франциялик футболчи клубда энг кўп маош олувчи футболчига айланишни истамоқда.

Погба ҳафтасига 500 минг фунтдан кўпроқ маош олмоқчи. Бу «Манчестер Юнайтед» ва Англия Премьер Лигасининг энг кўп маош олувчи футболчиси Криштиану Роналдуникидан кўпроқдир.

Жеррард — «Астон Вилла» бош мураббийи

Фото: «Астон Вилла»

Стивен Жеррард «Астон Вилла» бош мураббийига айланди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилди.

Келишув тафсилотлари расман эълон қилинмаган. Бироқ аввалроқ 41 ёшли мутахассиснинг Бирмингем клуби билан 2,5 йилга мўлжалланган шартнома имзолаши маълум қилинганди.

Шунингдек, Жеррард «Астон Вилла» тарихидаги энг кўп маош олувчи мураббийга айланиши айтилганди.

Мутахассис бунгача «Рейнжерс»ни бошқариб, 2020/21 йилги мавсумда жамоа билан Шотландия чемпионига айланганди.

Рамос ва Месси ҳамон дўстлашиб олмаган

Фото: Getty Images

«ПСЖ» футболчилари Лионель Месси ва Серхио Рамос ҳали дўстлашишгани йўқ, деб ёзади Marca.

Таъкидланишича, Рамос Париж клубининг кўплаб футболчилари билан тезда дўстлашиб олган, бироқ гарчи ёмон бўлмаса-да, Месси билан бундай илиқ муносабатларга эриша олмаган.

«Класиколардаги 10 йиллик қарама-қаршиликни шунчаки йўқ қилиб бўлмайди», — дейди вазиятдан хабардор манба.

Рамос 2005 йилдан 2021 йилгача «Реал»да ўйнаган бўлса, Месси 2003—2021 йилларда «Барселона» шарафини ҳимоя қилган.

Шунингдек, L’Equipe Рамоснинг «ПСЖ»даги маошини ҳам ошкор қилди. Унга кўра, Серхио йилига 6 миллион евро миқдорида маош олади. Бу жамоадаги энг юқори маошлардан бири ҳисобланади. У ёзда «Реал»дан 12 миллион сўраганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!