Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида автомобиль юкхонасида истеъмолга яроқсиз 250 килограмм қорамол гўшти борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда йўқ қилинди, деб хабар беради вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 8 ноябрь куни 22:00 ларда Қарши шаҳар ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 2-километрида Nexia автомобиль йўл четида тўхтаб тургани учун ҳудудда хизмат олиб бораётган Патруль-пост ходимлари томонидан текширилган.
Текширув давомида автомобиль юкхонасида ҳужжатсиз қарийб 250 килограмм гўшт маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Мазкур гўштни олиб кетаётган аёлнинг сўзларига кўра, у касалланиб ўлган молнинг гўштини 200 минг сўмга сотиб олиб, ит уриштирувчиларга топширмоқчи бўлган.
Ушбу гўшт маҳсулотлари вилоят Ҳайвонлар касалликлар ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлар хавфсизлиги давлат маркази томонидан истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Бундан аввал Навоийда 160 килограмм гўшт ветеринария-санитария талабларига зид равишда Тошкентга олиб кетилаётгани аниқлангани, Тошкентдан Хоразмга олиб кетилаётган 1 тоннага яқин истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолингани, Жиззахда истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини Тошкент вилоятига жўнатиш билан шуғулланган шахслар жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди.