Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятига масъул бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувда бўлган фуқаро Ш.Ш. 4 ноябрь куни Ўшда қўлга олинган. У Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир» тузилмаларини яратиш ва мустаҳкамлаш бўйича яширин ишларда ўз шериклари билан фаол иштирок этган.

Фуқаро сохта паспорт билан Қирғизистон ҳудудида яшириниб келган. Хабарда айтилишича, айни пайтда у ҳибсга олинган, тергов ишлари олиб борилмоқда.