Бокс бўйича 2021 йилги Жаҳон чемпионатининг 31 октябрь кунги баҳслари якунланди.
-92 кг вазн тоифасида ҳаракат қилаётган Мадиёр Саидраҳимов қозоғистонлик Айбек Оралбайга қарши тўқнаш келди. Биринчи раундда қозоғистонлик боксчи устунлик қилди ва ҳатто Мадиёрни нокдаун ҳолатига туширишга эришди. Бироқ кейинги раундларда Саидраҳимов рақибидан фаол ҳаракат қилди ва жанг натижасини ўз томонига оғдира олди. Якунда ҳакамлар 4:1 ҳисобида Ўзбекистон вакилининг ғалабасини қайд этди.
Шу тариқа Саидраҳимов чорак финалга йўл олди ва у ерда англиялик Льюис Уильямсга қарши жанг қилади. Саидраҳимов аввалги босқичда беларуслик Владислав Смягликовга имкон қолдирмаганди.
31 октябрь кунги баҳсларда иштирок этган тўрт нафар ўзбекистонлик боксчидан уч нафари чорак финалга йўлланма олди. Булар: Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Ҳалоков ва Мадиёр Саидраҳимов. Шаҳобиддин Зоиров эса мусобақа билан хайрлашди.
Изоҳ (0)