Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи ҳалок бўлди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 17 октябрь куни соат 15:40 ларда Қамаши тумани, Ёртепа қишлоғи ҳудудидан ўтувчи М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг 1223-километрида 44 ёшли фуқаро О.Э. Nexia русумли автомобилни бошқараётиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Натижада автомобиль 41 ёшли Ш.Т. бошқарувида бўлган Damas билан тўқнашув содир этган.

Авария оқибатида машиналарнинг иккала ҳайдовчиси ва Damas йўловчиси Д.Э. оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, автомобилда бўлган яна бир йўловчи тан жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Қамаши туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда Nexia ва Captiva тўқнашуви оқибатида икки ҳайдовчи вафот этгани, Қашқадарёда Damas ва ЙПХ автомобили тўқнашгани, Қаршида содир бўлган ЙТҲда 24 ёшли ИИБ ходими ҳалок бўлгани, Қашқадарёда пиёда ўлимига сабабчи бўлган Nexia ҳайдовчиси воқеа жойидан яширингани тўғрисида хабар берилганди.