Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) ва Европа Парламенти кузатувчиларнинг қўшма миссияси Ўзбекистон президентлигига сайловларни кузатиш давридаги фаолияти тўғрисида баёнот берди.

Халқаро кузатувчиларнинг эътирофича, яқинда ўтказилган самарали ислоҳотларга қарамай, бугун Ўзбекистонда ҳақиқий плюрализм ва президентликка номзодлар ёки фуқаролар ўртасида аҳамиятга молик ўзаро уйғунлик сезилмаган сайловларга ҳақиқий рақобат муҳити етишмади. Қолаверса, сайлов куни баъзи процессуал қоидабузарликларга ҳам йўл қўйилди.

«Шунга қарамай, кузатувчилар сайлов қонунчилигида ҳали қатор камчиликлар мавжудлиги ва у ҳамон демократик сайловларнинг халқаро стандартларига тўлиқ жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтдилар. Мамлакат Конституциясида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганига қарамай, улар бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан чекланган ва амалиётда улардан етарлича қўлланилаётгани йўқ», — дейилади хабарда.

«Бу сайлов ҳозиргача эришилган ютуқларнинг тасдиғи сифатида сўнгги йиллардаги демократик ислоҳотлар давом эттирилиши зарурлигини кўрсатиб берди», — деди махсус координатор ва ЕХҲТнинг қисқа муддатли кузатувчилар миссияси раҳбари Райнхольд Лопатка.

«Сайловда бироз етишмаган асосий эркинликларга бўлган тўлақонли ҳурмат ва сиёсий кучлар ўртасидаги ҳақиқий рақобат кишиларнинг демократик орзу-умидлари рўёбга чиқиши учун ўта муҳим омилдир», — дея қўшимча қилди у.

Сайлов куни 21 миллионга яқин сайловчи рўйхатга олинган, сайловга тайёргарлик жуда синчковлик билан ва самарали олиб борилгани эътироф этилган.

«Бироқ кўплаб сайлов участкаларида сайлов кунидаги овоз бериш жараёнини ижобий баҳолаб бўлмайди. Сайловда сайловчиларнинг иштироки салмоғи 80 фоиздан юқори бўлди, аммо унда кўплаб жиддий қонунбузарликлар кузатилган. Хусусан, кўп сонли сайловчилар тегишли тартиблар қўлланилмаган тарзда сайловчилар рўйхатига қўшилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ўз сайлов бюллетенларини топшириши ёки бошқалар номидан овоз бериш ҳолатларига йўл қўйилган.

Шунингдек, бир қанча сайлов участкаларида сайлов қутиларига бир киши томонидан бир нечта бюллетенлар ташланган вазиятлар ҳам қайд этилган. Кўп ҳолларда овозларни санаш тартиб-қоидаларига риоя қилинмади, сайлов участкаларида эса натижаларни қайд қилишда номувофиқликлар сабабли баъзи қийинчиликларга дуч келинди», — дея қайд этишди кузатувчилар.

«Мамлакатда яқинда ўтказилган ва ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотлар истиқболдаги ўз мевасини бериши аниқ, — дея таъкидлади Европа Парламенти делегацияси раҳбари Хайди Хаутала, — бироқ мухолифат партиянинг йўқлиги ва ҳақиқий рақобатнинг сезилмаганлиги ҳамда сайлов куни кўзга ташланган қатор қоидабузарликлар демократия жараёни йўлидаги жиддий тўсиқ сифатида баҳоланиши мумкин».

«Кеча ҳамкасбларим билан бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкаларида бўлган самимий муносабатдан жуда хурсанд бўлдик. Сайлов жараёнларида сайловчилар тили ва жисмоний имкониятларидан қатъи назар, улар учун яратилган очиқ овоз бериш шароити яратилганлигини ҳам юқори баҳолаган бўлсак-да, баъзи тартибларда кўзга ташланмайдиган эски камчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолганлигини кузатдик. Хусусан, овозларни санаш жараёнида бундай ҳолатларга кўпроқ йўл қўйилди, — дейди ЕЕХҲТ ПА делегацияси раҳбари Даниэла де Риддер. — Умид қиламанки, биз қайд этган юқори даражадаги ҳуқуқий ислоҳотлар давом эттирилиб, жамиятнинг барча соҳаларида ўзининг ижобий натижасини беради, демократик сиёсий маданият мустаҳкамланиб, ниҳоят бу каби салбий ҳолатларга барҳам берилади».

Ўтказилган сайловларда амалдаги президентни ҳисобга олган ҳолда жами 5 нафар номзод иштирок этди. Сайланиш ҳуқуқини қўлга киритишдаги ҳаддан ортиқ қатъий тартиблари ва партияларни рўйхатдан ўтказишдаги мураккаб талаблар сайланиш ҳуқуқини жиддий равишда чеклабгина қолмай, сайловчилар учун сиёсий танловларнинг ҳам камайишига сабаб бўлади.

«Президентликка номзодларнинг бири аёл киши бўлди ва Конституцияда эркак ва аёлларнинг тенглиги кафолатланганига ҳамда парламентдаги депутат хотин-қизлар сони яқинда сезиларли даражада ошганлигига қарамай, аёллар мамлакатнинг жамоат ва сиёсий ҳаётида етарлича иштирок эта олганича йўқ», — дейилади баёнотда.

«Амалдаги президент ва унинг ҳозирги номзод сифатидаги роллари, умуман олганда, чалкаштириб юборилган ва бу унга асоссиз даражада устунлик берган. Бундан ташқари, аксарият хусусий ОАВ амалдаги президентнинг фаолиятини бошқа тўрт номзод ҳақидаги хабар ва лавҳаларни қўшиб ҳисоблагандан ҳам кўпроқ даражада ёритиб юборишди. Қолаверса, мониторинг қилинган ОАВ ҳам ҳозирги президент олиб бораётган ишларга анча кенг урғу бериб юборишди», — дейилади хабарда.

Маҳаллий ҳокимият ва ижтимоий масалаларни ёритиш, айниқса, интернетда анча кескин тус олган бўлса-да, кузатувчилар оммавий ахборот воситаларида юқори мансабдор шахслар ва номзодлар ҳақида деярли ҳеч қандай танқид бўлмагани қайд этилди.

«ОАВ учун қонунчилик базасининг чекланганлиги, шунингдек, журналистлар ва блогерларни вақтинча ҳибсда сақлаш, қўрқитиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўплаб журналистларнинг ўзини ўзи цензуралашга олиб келди ҳамда кенг жамоатчиликка очиқ бўлган маълумотлар ва қилинадиган таҳлил ҳажмини янада камайтирди», — деган фикрда кузатувчилар.

«Узоқ муддатли кузатувларимиз давомида биз ўтказилаётган ислоҳотлар келгусида анча яхши натижалар бериши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик, лекин ҳали олдинда қилиниши керак бўлган кўп ишлар бор, — деди ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи. — Сўнгги пайтларда ОАВлар ва интернет муҳитида анча ижобий ўзгаришлар кузатилганига қарамай, фуқаролар ўз фикрларини эркин ва тўлиқ ифода этишлари назорат остида қолмоқда».

Маълумот учун, сайловни кузатувчилар халқаро миссиясида ДИИҲБ эксперти, узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчилардан жами 255 нафар, ЕХҲТ Парламент ассамблеясидан 99 нафар парламентарий ва ходим, Европа Парламентидан 12 нафар вакил — жами 44 мамлакатдан 366 нафар кузатувчи иштирок этди.