Республика Гидрометеорология маркази 21—22 октябрда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказ ҳудудлари устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиб, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир, қор ёғишини маълум қилганди. 22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Жиззахнинг Зомин тумани тоғли ҳудудларида қор ёғгани акс этган фото ва видеолар пайдо бўла бошлади.

Фото: Telegram / @Uzb_Meteo

Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар канали Зомин тумани денгиз сатҳидан 800-900 метрдан юқоридаги манзара билан бўлишди. Унда дарахтлар ва машиналар ҳам қалин қор билан қопланганини кўриш мумкин.

Тармоқда тарқалган видеода «Зомин» сиҳатгоҳи ҳудуди қорга буркангани акс этган. Шунингдек, Тошкентнинг Бўстонлиқ тумани ҳам қор билан қоплангани айтилмоқда.

21 октябрь куни кечаси Қамчиқ довонида ҳам қор ёғганди. Шу сабабли ЙҲХББ барча ҳайдовчиларни йўлларда оралиқ масофани сақлаб, қоидаларга риоя қилишга, довон йўлидан ҳаракатланиб ўтувчилардан эса ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди.