Кўпчилик озиш учун дастлабки қадам сифатида ширинликлардан буткул воз кечиш керак, деб ўйлайди. Аммо бу ҳар доим ҳам тўғри ёндашув эмас. Замонавий диетологлар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи мутахассислар ширинликларни чекламай, аксинча, уларни рационга тўғри йўл билан киритишни тавсия этмоқда.

Британия Миллий Соғлиқни Сақлаш хизмати шакар истеъмолини камайтириш зарурлигини таъкидласа-да, уни буткул рациондан чиқариб ташлашни тавсия этмайди. Чунки инсон бош мияси глюкозадан асосий “ёқилғи” сифатида фойдаланади. Унда ширинлик истеъмол қилган ҳолда қандай қилиб ортиқча вазндан сақланиш мумкин? Қуйида ана шу саволларга жавоб топамиз.
1. Сунъий таркибли ширинликлар эмас, табиий маҳсулотларга урғу бериш
Ширинликлар турлари талайгина: масалан, заводда тайёрланган, рафинадланган шакар қўшилган, трансёғларга бой зарарли маҳсулотларни хўл мевалар, асал, ёки қора шоколад билан солиштириб бўлмайди. Қуйидаги ширин маҳсулотлар ортиқча вазн юзага келиш эҳтимолини камайтиради:
қуритилган мевалар (ўрик, майиз, анжир);
янги узилган мевалар (банан, олма, анор, манго);
асал;
70% ва ундан юқори какао миқдорига эга қора шоколад;
сули уни асосидаги печеньелар;
ёғсиз йогуртга аралаштирилган мевалар ёки долчин.
Америка юрак касалликлари уюшмаси тадқиқотларига кўра, табиий ширинликлар таркибида нафақат шакар, балки антиоксидантлар, ўсимлик толалари (клетчатка) ва витаминлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қондаги глюкоза миқдорини кескин оширмайди.

2. Меъёрни билиш — мувозанат калити
Кўплаб биз тутадиган парҳезлар айнан узоқ ва қатъий чекловдан кейин “бузилади”. Бу эса яна семиришга олиб келади. Шу боис бир-икки конфет ёки шоколад бўлагини тамадди сифатида еб олиш зарар қилмайди.
3. Ширинлик учун энг мақбул вақт — эрталабдан тушгача
Кун давомида тананинг метаболик фаоллиги турлича бўлади. Эрталаб, айниқса нонуштадан кейин организм энергияни фаол тарзда ишлатади. Кечки пайт эса калориялар асосан ёғ кўринишида тўпланади. Шу сабабли ширин маҳсулотларни куннинг биринчи ярмида истеъмол қилиш тавсия этилади.

4. Ҳаракат — шакарни энергияга айлантирувчи восита
Ширинлик истеъмолидан сўнг организмда глюкоза даражаси кўтарилади. Уни фойдали энергияга айлантириш учун оддий жисмоний ҳаракат қилиш талаб этилади. Масалан:
15–20 дақиқалик юриш
енгил стретчинг
зинапоядан чиқиш
рақсга тушиш
Бундай енгил ҳаракатлар шакарни ёғга айланишидан сақлайди. Бу, айниқса, ўтроқ тарзда ишлайдиганлар учун муҳим.
Изоҳ (0)