Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь—сентябрь ойларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ошди. Бу ҳақда «Этажи» кўчмас мулк агентлигига таяниб, Spot хабар берди.
Маълум қилинишича, тузилган битимларнинг умумий сонининг қарийб 40 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади.
Вилоятлар кесимида қаралганда, 2021 йилда тузилган битимлар Самарқандда — 32 фоизга, Фарғонада — 27 фоизга, Наманганда — 36 фоизга, Андижонда — 31 фоизга, Бухорода — 33 фоизга, Навоийда — 29 фоизга ва Қорақалпоғистонда — 27 фоизга ўзганини кўриш мумкин.
Таъкидланишича, 2020 йили, коронавирус пандемияси авж олган пайтда, кўчмас мулк бозори турғунлашган. Бугунги кунда кўчмас мулкни сотиш суръати мўътадил ўсишни бошлаган ва жорий йилнинг август—сентябрь ойларида сотиб олиш фаолиятига таъсир кўрсатган асосий омил эпидемиологик вазиятнинг босқичма-босқич яхшиланиши ва мавсумий таътилларнинг тугаши бўлган.
«Карантин чекловлари даврида режалаштирилган харидлар ортга сурилди. Бу эса истеъмолчилар талабининг пасайишига олиб келди, шунингдек, фуқароларнинг ўз ҳудудидаги кўчмас мулкка бўлган қизиқишининг ошишига олиб келди. Катта шаҳарларда бирламчи уй -жой бозорида таклифнинг ошиши ва уй-жой шароитининг яхшиланиши туманлар ичидаги кўчмас мулкка бўлган талабнинг шаклланишида муҳим рол ўйнади», — дейилади хабарда.
Бирламчи бозордаги кўчмас мулкнинг бир квадрат метри учун ўртача нарх жадвали (2021 йил сентябрь)
Тошкентнинг энг кўп қурилиш ишлари олиб борилаёрган туманлар қаторидан Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Яшнобод, Учтепа ва Юнусобод туманлари ўрин олган.
Бу туманлар шаҳар марказига яқинроқ ва ривожланган инфратузилмага эга бўлгани боис юқори нарх таклифларини келтириб чиқаради. Чилонзор, Бектемир, Сергели, Учтепа каби олис туманларда уй-жой нархи ўртача 30 фоиз паст.
Қайд этилишича, кўчмас мулкнинг бирламчи бозорида нархларнинг кўтарилишининг яна бир сабаби — Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимидаги Тошкентда қурилишни чеклаш ҳақидаги баёноти ортидан юз берган.
«Пойтахтда уй-жой сотиб олишда маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, карантин чораларини юмшатиш, қурилиш ҳажмини чеклаш, Тошкентни яшил зонага айлантириш, ипотека кредитлаш воситаларини такомиллаштириш Тошкентда кўчмас мулкка бўлган талабнинг доимий ўсишига ва бирламчи уй-жой нархларининг ўсишига олиб келадиган асосий омиллардан биридир», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда август ойида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нарх ҳар квадрат метрга 7,5 миллион сўмни, бирламчи бозорда таклиф қилинаётган нархлар эса ҳар квадрат метрга 8,4 миллион сўмни ташкил этганди.
Изоҳ (0)