«Ватанпарвар» ташкилотида ўқиган ҳайдовчи ЙТҲ содир этса, уни ўқитган инструктор жазога тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбари Ҳусан Ботиров «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.

— Суҳбатларимизнинг бирида йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи «Ватанпарвар» ташкилоти таркибидаги автомактабларда ўқиган бўлса, ўша ҳайдовчини ўқитган йўриқчига нисбатан чора кўрилади ва керак бўлса, ишдан олишгача борилади, деган фикрни айтган эдингиз. Бу меҳнат қонунчилигига қанчалик тўғри келади?

— Ўйлашимча, агар меҳнат қонунчилигига таяниб бу масалага ёндашадиган бўлсак, зид бўлмайди. Негаки, ташкилот айнан шу иш билан шуғулланади, ташкилотнинг фаолияти сифатини кўрсатиб берадиган иш — малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш. Малакасиз ҳайдовчини тайёрлаган ўқитувчи қаерда ва кимга керак? Мен фикримда қоламан. Фақат фикримни тўлароқ баён қилмоқчиман. Йўл-транспорт ҳодисаларининг сабабчиси ҳамиша ҳам ҳайдовчи бўлмайди, буни инкор эта олмаймиз. Диний томондан ёндашсак, баъзи бир ҳамюртларимиз «оғайнилар, бу тақдирдан, Аллоҳ пешонага ёзгани бўлади», дея муносабат билдиради. Албатта, биз буни ҳам инкор этмаймиз. Фақат фикрим шундайки, қонун-қоидаларни била туриб, уларга амал қилмасдан, йўл-транспорт ҳодисаси келиб чиқишига сабабчи бўлган ҳайдовчи, агар «Ватанпарвар» ташкилотида ўқиган бўлса, оқибатда инсон ўлими ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолишига шу ҳайдовчи сабабчи бўлса, албатта, уни ўқитган, тайёрлаган ўқитувчиси ва автомобиль бошқарув устасидан сўров қилиш мантиқан тўғри, деб ўйлайман. ЙТҲ содир этган ҳайдовчи икки-уч йил аввал ўқиган бўлса ҳам, унга жавоб бериши керак.

— Бу тизимни қандай йўлга қўймоқчисиз?

— Республикадаги барча йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари билан маълумотлар алмашинув тизимини жорий этишни режалаштиряпмиз. Агар ЙТҲ сабаблари тўғрисида ахборот олиш имкони яратилса, ишимиз янада осонлашади. Масалан, бирор-бир аҳоли пунктида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, шу ЙТҲ таҳлили ҳақида автомобиль ҳайдовчиларини тайёрлайдиган муассасаларга маълумот юборилади ва у ўша автомактабда кўриб чиқилади. Бунда тергов органи ҳодиса содир этган ҳайдовчининг маст ҳолатда бўлгани, чарчаб ухлаб қолгани ёки хаста бўлгани каби сабабларини ойдинлаштириб берса, шунга қараб ҳолатга ўз муносабатимизни билдирамиз.

— Шу вақтга қадар «Ватанпарвар» ташкилотида ўқиган ҳайдовчи ЙТҲ содир этиб, уни ўқитган инструкторга бирор чора кўрилдими?

— Интернетда ҳар қандай йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарни кўрганимда дарров ташкилот вакиллари учун яратиб қўйган гуруҳимизга юбораман. ЙТҲ содир этилган ҳудуддаги мутасаддимиз дарров ички ишларга мурожаат қилиб, шу ҳодисанинг сабабчиси ким, ҳайдовчи қаерда ўқиган экан, деб суриштиради. Очиғини айтаман, бугунги кунгача «Ватанпарвар» ташкилотида ўқиб, йўл-транспорт ҳодисасининг сабабчиси бўлган – ўлим ёки оғир асоратлар билан якун топган ҳолатлар ҳақида маълумот ҳали бизга келиб тушгани йўқ. Балки бордир, ҳар қалай, ҳозирча қўлимга ундай маълумот олганим йўқ.

Аввалроқ Ҳусан Ботиров пулга сотилаётган «права»лар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, кимдир иши, ўқиши ёки бошқа сабабларга боғлиқ ҳолда автомактабда ўқимай «Мана, сизга ўша ўқишга кетадиган маблағ, имтиҳондан ўтказиб берсангиз бўлди», деб мурожаат қиладиганлар борлигини таъкидлаб ўтган эди. Шунингдек, у ҳар қандай ҳолатда ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабчиси ҳайдовчи эканлигини таъкидлаганди.