Тошкентда Lacetti ва Mercedes-Benz автобуси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил машина ҳайдовчиси жароҳат олди, деб хабар беради «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 18 октябрь куни тонгги соат 06:30 ларда Lacetti русумли автомобиль «4-Автобус саройи» ҳайдовчиси К.Ф.  бошқарувидаги Mercedes-Benz LF автобуси билан йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Lacetti 122-йўналишда Чоштепа кўчаси бўйлаб ҳаракатланган автобус қайрилиб олаётганида унинг орқа қисмига келиб урилган.

Тўқнашув оқибатида Lacetti ҳайдовчиси тан жароҳати олган ва у шифохонага ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Lacetti русумли енгил автомобиль ҳайдовчиси бошқарув вақтида ухлаб қолган. Шу сабабли бошқарувни йўқотиб, автобусга урилган.

Ҳозирги кунда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси ўрнатилган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлари томонидан расмийлаштирилган. Шу билан бирга, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мутасадди ходимлари томонидан хизмат суриштируви ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда автобус трамвай йўлини кесиб ўтиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатлангани, Тошкентда автобус светофор ва йўл ёқасидаги уйга бориб урилгани тўғрисида хабар берилганди.