Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили омма олдида гиёҳвандликка тест топширишга тайёр, шу орқали у бош вазир Иракли Гарибашвилининг Саакашвили гиёҳванд экани ҳақидаги тахминларини йўққа чиқармоқчи. Бу ҳақда ҳибсдаги собиқ президентнинг адвокати Бека Басилая журналистларга маълум қилди.

Фото: Yandex

«Биз Вена шаҳрида эмас, Самхараули клиникасида (Грузия суд-тиббий экспертиза бюроси) телевизион камералар остида ўпкадан тортиб кимёвий текширувгача бўлган ҳар қандай гиёҳвандлик тестидан ўтишга тайёрмиз. Шу билан бирга, биз Гарибашвилини ҳам бюро биносида тест топширишга чақирамиз, ўшанда кўрамиз, бу ғийбатчи нима деркан», — деди Басилая қамоқдаги Саакашвилининг ёнига ташрифидан сўнг.

6 октябрь куни Гарибашвили Саакашвилининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиши мумкинлиги ҳақида очиқ мактуб эълон қилганди.

Саакашвили 1 октябрь куни Тбилисида ҳибсга олинганди. У ҳозир Рустави шаҳридаги қамоқхонада. Илгари Грузияда унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда суд ҳукми ҳам ўқилган. Саакашвили келганидан сўнг, Грузия Ички ишлар вазирлиги унга қарши чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича яна бир жиноий иш очган.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат расмийлари Саакашвилини Украинага қайтариш учун бор имкониятини ишга солишини айтганди, чунки у Украина фуқаролигига эга. Бироқ Грузия Саакашвилини Украинага топширмаслигини маълум қилди.

Кейинроқ Саакашвилининг Facebook саҳифасида Украина президенти Владимир Зеленскийга атаб уч тилда ёзилган пост пайдо бўлди. Унда Саакашвили ўзини Россия президенти Владимир Путиннинг «шахсий асири» деб атаган, ҳибсга олинишини эса қонунга хилоф деб ҳисоблаган. Шунингдек, у Зеленскийга қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.

АҚШ Грузия ҳукуматини ҳибсдаги Саакашвилига нисбатан адолатли муносабатда бўлишга чақирди.