Покистонда 2011 йилда «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи раҳбари Усама бен Ладенни йўқ қилиш бўйича ўтказилган операция саҳналаштирилганга ўхшайди, унинг ўша пайтда воқеа жойида бўлганини тасдиқлайдиган далил йўқ. Бу ҳақда гувоҳлар ва ушбу воқеа тафсилотларини ўрганаётган покистонлик журналистлар «РИА Новости»га гапириб берди.

Фото: AFP

Расмий ахборотга кўра, вертолётлар билан Афғонистондан Покистоннинг Абботтобод шаҳрига олиб борилган бен Ладен 2011 йил 2 май куни Америка махсус кучлари томонидан йўқ қилинган.

Ўша пайтда воқеа жойида иш олиб борган покистонлик журналист Суҳайил Аббосийнинг «РИА Новости»га айтишича, Абботтободда содир бўлган воқеа спектакль бўлган, бу АҚШнинг жаҳон ҳамжамияти ва Америка фуқаролари олдида обрўсини сақлаш учун керак эди.

«Биз ҳаммамиз бен Ладен бинода бўлмаганига аминмиз. Лекин унинг оиласи бу туманда бир неча йил давомида яшагани, рост», — деди гувоҳлардан бири Рожа Хорун, у бен Ладен жойлашгани айтилган бинодан бир неча метр нарида яшарди.

Агентлик суҳбатдошининг айтишича, Америка ва Ғарб оммавий ахборот воситаларида бен Ладеннинг йўқ қилингани ҳақида эълон қилинган хабарлардан бутун шаҳар аҳолиси ажабланган.

«Ўшанда маҳаллий ва хорижий журналистлар келишни бошлади. Сўнгра энг хавфли террорчилик ташкилотининг раҳбари йўқ қилингани ҳақида баёнотлар, шу муносабат билан Обама (ўша пайтдаги АҚШ президенти) номига табриклар пайдо бўла бошлади, Ладеннинг жасади денгизга ташланган эмиш — бу кулгили ва аҳмоқона эди», — дейди Хорун.

Америкаликларнинг айтишича, ўлдирилган шахс «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг етакчиси экани аниқланган, қабри террорчилар сиғинадиган жойга айланмаслиги учун у денгизга дафн қилинган.

Бен Ладен 2011 йилги рейд пайтида ўлдирилгани ҳақидаги шубҳаларни, жумладан, АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп ҳам билдирган. Twitter’да у «биринчи рақамли террорчи» тириклиги ҳақида ёзган. Операцияга жалб қилинган денгиз пиёдаларидан бири 2020 йил октябрь ойида ҳужум пайтида бен Ладеннинг қиёфадоши ўлдирилгани ҳақидаги миш-мишларни оммавий рад этди. «Ал-Қоида» етакчисининг жасади идентификация йўли ва қариндошларининг ДНК намуналари билан таққослаш орқали тасдиқланган, дея хабар берган АҚШ ОАВ.

Рейддан сўнг АҚШ ҳарбий қўмондонлиги «Ал-Қоида» етакчиси жасадининг барча фотосуратларини топшириш ёки йўқ қилишни талаб қилди. Маълум қилинишича, рейд пайтида Афғонистондаги самолёт ангарида, шунингдек, жасаднинг денгизга дафн қилинишидан олдин олинган бир нечта фотосуратлар тўплами бор; кадрларда марҳумнинг бошига тегган ўқ бош суягини майдалаб, мияни очиб юборганини кўриш мумкин.

Баъзи оммавий ахборот воситаларида таъкидланишича, фотосуратларда бен Ладенга юзлаб ўқ узилганини, йўқ қилиш операциясини олиб бораётган жангчиларнинг ҳаракатлари ҳаддан ташқари эканини кўриш мумкин бўларди. Бен Ладен ўлдирилганидан бир неча кун ўтгач, Обама унинг жасади тасвирларининг нашр этилишига қарши эканини, чунки бу хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлигини айтди.  Ўнлаб фотосуратлар айрим қонунчиларга махфий тарзда кўрсатилган.