Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ярашиш таклифига рад жавобини олган эр хотини ва унинг акасини пичоқлаб, улардан бирининг қотилига айланди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар эр А.Б. қарамоғидаги икки нафар фарзандини турмуш ўртоғи З.Б. тарбиясига олиб бериш белгиланган ва ижро варақаси бюрога юборилган.

Жавобгар А.Б. 2021 йилнинг 28 сентябрида давлат ижрочисига бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, болаларни даъвогар — турмуш ўртоғи З.Б.га ихтиёрий равишда топширишини ва у билан ярашишга қарор қилганини билдириб, хонадонига давлат ижрочилари ҳамда турмуш ўртоғини таклиф этган.

Манзилга давлат ижрочилари ҳамда даъвогар аёл З.Б. ҳам етиб келгач, қарздор А.Б. у билан бирга яшашни таклиф қилган, лекин З.Б. бу таклифни рад этгани сабабли А.Б. жанжал кўтариб, хонадонидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, аёлга тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари, жанжал вақтида тинчлантиришга ҳаракат қилган аёлнинг акаси Т.Н.га ҳам ошхона пичоғи билан жароҳат етказган.

Натижада З.Б. ва Т.Н. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, аёлнинг акаси Т.Н. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Б. процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.