«Толибон» мамлакатдан қочиб кетган президент Ашраф Ғанининг топширилишини талаб қилмайди, аммо у ўзи билан олиб кетган деб тахмин қилинаётган пулларни қайтаришни хоҳлайди. Бу ҳақда «РИА Новости»га берган интервьюсида Афғонистондаги муваққат ҳукумат маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

«Ашраф Ғани давлат маблағларини ўғирлаб кетди, биз эса уларни қайтаришни талаб қиламиз. Улар халққа ва бизнинг банкларимизга тегишли», — деди Мужоҳид.

15 август куни «Толибон» Кобулга кириб, президент саройини эгаллаб олди ва мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилди. Шу куниёқ Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Бир неча кундан кейин у оиласи билан Бирлашган Араб Амирликларида экани маълум бўлди. 18 август куни Ғани Афғонистон халқига мурожаат йўллаб, мамлакатга қайтишга ваъда берди. Ғани бунинг учун маслаҳатлашувлар олиб бораётганини айтди, аммо айнан ким билан эканини очиқламади.

Президент қочиб кетганидан кейин у ўзи билан моддий бойликлар, шу жумладан, жуда катта қийматда нақд пул олиб кетгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ғанининг ўзи бу айбловларни ёлғон ва «мутлақо асоссиз» деб атади.

Ашраф Ғани Афғонистонга 2014 йилдан бошлаб президентлик қилган. 1990 йилларда у Жаҳон банкида ишлаган, шунингдек, БМТнинг Афғонистонга гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари бўлган.

Аввалроқ «Толибон» гуруҳи президент Ашраф Ғани ҳамда вице-президент Амрулла Солиҳ ва давлат раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳибнинг хавфсизлиги таъминланишини кафолатлаган эди.

7 сентябрь куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳукуматининг янги таркибини эълон қилганди. Муҳаммад Ҳасан Оҳунд «Толибон» тузган янги ҳукуматнинг раҳбари бўлди. Мулла Абдул Ғани Бародар бош вазир ўринбосари бўлди. «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний эса ички ишлар вазири лавозимини эгаллади. «Толибон» асосчиларидан бирининг ўғли Умар Ёқуб мудофаа вазири бўлди.