Германияда Бундестаг (парламент) сайловлари бошланди, сайлов участкалари 26 сентябрь куни 08:00 (Тошкент вақти билан 11:00) да бутун мамлакат бўйлаб очилди.
Ҳукумат тепасида ўтказилган 16 йилдан кейин, Ангела Меркель ушбу сайловларга номзодини қўймади ва канцлер лавозимини тарк этади.
Канцлер лавозимига асосий номзодлар — Меркелнинг ХДИ/ХСИ («Германия христиан-демократик иттифоқи», «Бавария христиан-социал иттифоқи») партия иттифоқи вакили Армин Лашет, Германия социал-демократик партиясидан Олаф Шолц ва «Яшиллар»дан Анналена Бербок.
Янги бундестагда ҳукмрон коалиция шакллантириш учун 374 нафар депутат керак бўлади. Арифметик нуқтаи назардан, буни ХДИ/ХСИ ва Германия социал-демократик партияси биргаликда амалга ошириши мумкин, бу эса ҳозирги ҳукмрон коалициянинг давоми бўлган бўларди. Шунингдек, назарий жиҳатдан ҳукуматни ХДИ/ХСИ ва Германия социал-демократик партияси «Эркин демократлар» билан бирга; ХДИ/ХСИ, «Яшиллар» ва «Эркин демократлар» («Ямайка» деб аталувчи коалиция); Германия социал-демократик партияси, «Яшиллар» ва «Эркин демократлар» («Светофор» коалицияси) ҳам тузиши мумкин. Сўнгги иккита коалиция вариантини экспертлар эҳтимолга энг яқин деб ҳисоблайди.
Сўнгги ҳафталарда ўтказилган сўровлар кўрсатишича, сайловчилар социал-демократларни Афзал кўрмоқда. 23 сентябрь куни эълон қилинган сўнгги сўровда маълум бўлишича, Германия социал-демократик партияси 25 фоиз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан етакчиликни сақлаб қолишда давом этмоқда. ХДИ/ХСИ партия иттифоқи овозларнинг 23 фоизига, «Яшиллар» эса 16,5 фоизига умид қилиши мумкин. Германия эркин демократик партияси 11 фоиз, ўнг «Германия учун альтернатива» 10 фоиз, «Сўллар» эса 6 фоиз овоз олиши мумкин.
Германия бундестагига сайловлар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Бугун, 26 сентябрь куни 20-чақириқ Бундестаг сайланмоқда. Сайловлар якунларига кўра Германия президенти таклифи билан янги парламент канцлерни сайлайди.
Сайлов бугун 18:00 (Тошкент вақти билан 21:00)га қадар давом этади, 18:00 да илк экзит-поллар пайдо бўлади. 14:00 ҳолатига эса сайловга ташриф буюрган сайловчилар сони эълон қилинади.
Сайловда сайловчилар иккита овозга эга. Биринчиси рўйхатга олинган жой бўйича сайлов округи депутати учун берилади, бундай депутатлар сони жами 299 нафар. Иккинчи овоз сиёсий партиянинг минтақавий рўйхати учун берилади, шу тариқа яна 299 депутат сайланади. Депутатлар сони фарқланиши мумкин — партия қанчалик кўп «иккинчи» овозни қўлга киритса, янги парламентда унга шунча кўп жой кафолатланади. Бундестагнинг «стандарт» таркиби 598 нафар депутатни кўзда тутади, аммо агар қайсидир партия бюллетенда кўпроқ «иккинчи» овозни қўлга киритса, бу рақам катталашиши мумкин.
Амалдаги Бундестаг 709 депутатдан иборат. 245 та мандат билан энг кучли фракцияни ХДИ/ХСИ иттифоқи ташкил қилади. Парламентда 152 та овозга эга Германия социал-демократик партияси билан бирга улар «катта» ҳукмрон партияни ташкил этади. У мамлакатдаги иккита энг йирик сиёсий кучдан иборат бўлгани учун у шандай деб аталади. «Германия учун альтернатива» ўнг партияси парламентда 87 та, «Эркин демократик партия» — 80 та, «Сўллар» — 69 та мандатга эга. «Яшиллар»га жорий бундестагда 67 депутат вакиллик қилади.
Мавзуга доир:
- Меркель истеъфосидан аввал Қушлар паркига ташриф буюриб, тўтиқушларни овқатлантирди (фото)
- Ангела Меркель — ГДРда яшаган черков ходимининг қизи, биринчи канцлер аёл ва Германияни дефицитдан қутқарган инсон. Меркель бошқарувининг 16 йиллик даври ҳақида
- Ангела Меркель канцлер сифатида сўнгги марта Бундестаг олдида нутқ сўзлади
Изоҳ (0)