Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларнинг бузилишига жавобгарликнинг йўқлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев 23 сентябрь куни ташкил этилган давра суҳбатида маълум қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Баъзи ҳолларда журналистларнинг камераларини синдиришганини кўрдик. Шунингдек, журналистлар қаергадир киритилмагани ёки қувлаган ҳолатларини кўрдик. Жуда уят ва кулгили ҳолатлар бўлди. Бунинг натижасида нима бўлди? Жамоатчилик буни кўрди, журналистнинг касб фаолиятига нисбатан нотўғри муносабат бўлаётганини билди. Лекин бу қандай ҳуқуқий оқибатга олиб келди? Бунга жавоб йўқ», — дейди Кушербаев.

Унинг таъкидлашича, журналистларни ҳимоя қилишга доир қонунлар борлигига қарамай, улар учун жавобгарлик йўқ. «Депутатлар бир неча бор ушбу муаммони ҳал этишга уринди, аммо айрим идоралар буни хоҳламади», — дейди Кушербаев.

«Депутатга нима халақит беради? У ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб чиқиши керак. Мен қайсидир вазирлик ёки идора билан доим жиққамушт бўлсам-да, аммо эртасига унга бориб ‘илтимос, имзо қўйиб беринг’ шу қонунни ўтказишсин десам. Бу нарса бизларга халақит беради. Буни [ҳужжатни — таҳр.] ҳукумат ўзининг ричаги орқали олиб кирса, у тезкор ўтиб кетиши мумкин», — дейди депутат.

Унинг эслатишича, қонунчилик ташаббусини киритиш ҳуқуқи Президент, Вазирлар Маҳкамаси, бош прокурор, депутатлар ва бошқаларда бор. Аммо депутатлар қонун лойиҳасини вазирлик ва давлат идоралари билан келишмаган ҳолда Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун кирита олмайди, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келади. Ҳозирда депутатларга ташаббусли ҳужжатларни тўғридан-тўғри киритиш имкониятини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

«Айнан шу парламент қуйи палатасига журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уни таъқиб қилиш учун жавобгарликни белгилаш борасидаги қонун лойиҳасини киритиш мауммо туғдирмоқда. Бу каби жавобгарлик ҳозирда Россия, Беларусь ва Қозоғистон жиноий жавобгарлик қонунчилигида белгиланган», — дея қайд этади депутат.

«Биз қонун лойиҳасини жорий йилда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Тўғрисини айтадиган бўлсам, бу осон эмас. Сўз эркинлигига боғлиқ қонунлар — бу сиёсий характерга эга қонунлар. Шунингдек, бу нозик масала. Агарда бирор нимани ўзгартиришга уринсангиз, биринчи навбатда сизга халқаро ташкилотлар танқид ёғдиради. Иккинчидан, бу нозик масала, чунки маълум сиёсий йўналишга боғлиқ», — дейди Кушербаев.

Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, ҳозирда давлат раҳбарининг чиқишларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жавобгарликни киритиш масаласи кўтарилмоқда.

«Тўғри, бу ерда гап таҳририятлар, ОАВ фаолияти ҳақида кетмоқда. Яъни бу маъмурий жавобгарлик белгиланадиган ҳаракатлар бўлиши мумкин. Масалан, муассиснинг таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашуви ёки ташқаридан аралашув. Лекин айнан журналистик касб нуқтаи назардан оладиган бўлсак, биз таъқиб қилганлик, халақит қилишни Жиноят кодекси даражасига киритишимиз керак», — дейди у.

Журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклифи 2020 йилнинг августида билдирилган, аммо қабул қилинмаган эди.

2021 йилнинг февралида Жиноят кодексига журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, яъни уни бирор-бир ахборотни тарқатишга ёки тарқатмасликка мажбурлаш мақсадида ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, журналистга ёхуд унинг яқин қариндошига зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби ҳолатлар учун Жиноят кодексига жавобгарликни киритиш таклифи билдирилган эди.