Inter IKEA Systems B.V. компанияси Ўзбекистонда IKEA товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлигига ариза юборди, дея хабар бермоқда Spot.
Компания фаолият турлари рўйхати ариза иловасида:
- ёритиш, иситиш, совитиш, буғ чиқариш, пишириш, қуритиш, шамоллатиш, сув таъминоти, лампалар, музлатгичлар учун мосламалар ва қурилмалар;
- мебель, нометалл, суратлар учун рамкалар, шу жумладан, креслолар, диванлар, шкафлар, столлар, кўрпа-тўшаклар ва бошқалар;
- уй ва ошхона анжомлари ҳамда идишлари;
- реклама хизматлари, учинчи шахслар учун маркетинг ва сотишни рағбатлантириш хизматлари, франчайзинг фойдаланувчиларининг бизнесини бошқариш, шунингдек, мебель, интерьер буюмлари, ички безатиш маҳсулотларини сотиш ва сотиб олиш бўйича ходимларни бошқариш хизматлари келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятидаги инвестиция лойиҳалари билан танишгани тўғрисида хабар берилганди. Унда давлат раҳбарига IKEA компаниясининг инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси қурилиши лойиҳаси ҳам тақдим этилган. «Gazeta.uz»нинг IKEA ОАВ билан ишлаш бўлимига таяниб ёзишича, компания Ўзбекистонда фабрика очишни режалаштираётганига оид хабарларни рад этган.
«IKEA Supply’нинг бошқа компаниялари сингари, IKEA Industry Ўзбекистонда фабрика очишни режалаштирмаяпти. Янги бозорларга келсак, IKEA 2025 йилга қадар дунё бўйлаб кўпроқ харидорларни жалб қилишни давом эттириш мақсадида 12 та янги бозорга киришни режалаштирмоқда. Мазкур фаолиятни кенгайтириш режасида Ўзбекистон иштирок этмайди», — дейилганди компания хабарида.
Изоҳ (0)