Ўзбекистонда 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлашни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Хабар юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолияти тўхталганига оид хабарлар асоссиз.

Туризм ва спорт вазирлигининг спорт йўналишидаги сайтида 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилди, бироқ ахборот хизмати ходими мақолада асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани боис аҳоли орасида бу борада тушунмовчилик пайдо бўлган.

«‘Соғлом турмуш тарзи’ платформаси 1hls.uz веб-саҳифаси давлат раҳбарининг ‘Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаъги 6099-сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ‘Соғлом турмуш тарзи’ платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаъги 253-сонли қарорига мувофиқ йўлга қўйилган.

Мазкур платформа бўйича 2021 йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағ тўлаб берилди.

Шу билан бирга, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга — 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга – 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга қўшимча равишда 1 миллион сўм маблағ фойдаланувчиларнинг электрон ҳамёнига ўтказиб берилди. 2021 йилнинг июнь–август ойлари давомида эса жами 206,7 миллион сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилди.

Ҳозирги пандемия даврида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда унга риоя қилиш жуда муҳим. Платформага оид хабарнинг ОАВ ва аҳоли орасида бу қадар кенг тарқалиши унга бўлган қизиқишнинг юқори эканини ва платформа яратиш қарори қанчалик тўғри бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шундай экан, Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ҳолда, ‘Соғлом турмуш тарзи’ платформаси ишлашда давом этишини маълум қилади. ОАВ вакиллари ва аҳолини чалғитувчи хабар берган ходимга эса тегишли огоҳлантириш берилганини маълум қилади.

Шу ўринда, ОАВ вакилларидан ҳар қандай хабарни етказишда, унга сарлавҳа қўйишда тўғри ёндашишни, аҳолини нотўғри маълумотлар билан чалғитмасликни сўраймиз», – дейилади вазирлик муносабатида.