Наманганда мамлакатда илк бор ташкил этилган «Taklifim.uz» жамоатчилик иштироки порталининг тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Портал вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан ҳокимлик ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилди. Асосий мақсад вилоятда инвестиция ва бошқа ҳудудий дастурларни шакллантиришда фуқаролар, ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчилик иштирокини таъминлашдан иборат.
«Мазкур янги тизим биринчи галда ижтимоий соҳа ва муҳандислик-коммуникация ҳамда инфратузилма объектлари бўйича таклифларни жамлашга қаратилган. Жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари, спорт ва маданият объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича таклифлар киритиш имконияти яратилади. Шунингдек, ички йўлларни шағаллаш ва асфальтлаш, электр, сув тармоқлари тортиш, таянч устунлари, трансформаторлар ўрнатиш, иншоот қуриш юзасидан мурожаат қилиш мумкин. Қолаверса, интернет ва алоқа, ёритиш тизимлари, транспорт йўналишлари ва автобекатлар қуриш бўйича ҳам таклифлар бериш мумкин», — дейди тақдимотда иштирок этган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов.
Толибжон Юсуповга кўра, порталга келиб тушган таклифларни ўрганиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилади. Қабул қилинган ва мақбул деб топилган таклифлар ижроси юзасидан ҳар чоракда ҳисобот бериб борилади.
Жамоатчилик иштироки портали тест тартибида ишга туширилди. Келгусида унинг мобил иловаси яратилиши ҳам кўзда тутилган.