Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2021 йилнинг 8 сентябрь куни Афғонистон бўйича видеоконференцалоқа шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этди.
АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари қатнашди.
Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишининг олдини олиш борасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўз нутқида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
Мавзуга доир: