Бундан беш йил муқаддам — 2016 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафот этгани расман эълон қилинган. Бу хабар «Ахборот»нинг махсус сонида сухандон Алишер Бадалов томонидан Ўзбекистон халқига ўқиб эшиттирилган эди. Эътиборга молик томони, Бадалов 1983 йили Ўзбекистоннинг бошқа бир узоқ йиллик раҳбари — Шароф Рашидовнинг ҳам вафоти ҳақидаги ахборотни халққа ўқиб эшиттирган эди. «Дарё» мухбири ушбу сана муносабати билан таниқли сухандон хонадонида бўлиб, беш йил аввалги жараён қандай кечгани ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Алишер Бадаловнинг шахсий архивидан

Алишер Бадалов. 1959 йилда туғилган. 40 йилдан буён телевидение соҳасида хизмат қилиб келади. Олий тоифали сухандон.

Ислом Каримов билан билвосита кўринмас алоқа

Ислом Абдуғаниевич билан бевосита таниш бўлмаганмиз. У кишини эл қатори давлатимизнинг биринчи президенти сифатида таниганман. Аммо, асосан, Ўзбекистон телевидениесининг «Ахборот» дастурида ишлаганим учун, фаолиятимнинг асосий қисми фармонлар ва бошқа муҳим ҳужжатлар ҳақидаги ахборотни халқимизга етказиш бўлгани боис, Ислом Каримов билан бевосита бўлмаса-да, билвосита кўринмас алоқада бўлганмиз, десам муболаға бўлмайди.

Ислом Каримовни феълан сиёсий харизмага эга бўлган, барча давлат раҳбарлари орасида катта ҳурматга эга бўлган шахс деб биламан. Шу билан бирга, у Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қила оладиган кучли дипломат ҳам эди.

«Президентнинг бетоблиги ҳақида миш-мишлар аввал ҳам тарқаб турарди»

Ислом аканинг касал бўлиб қолгани ёки шахсий ҳаётига доир бошқа хил миш-мишлар тарқалиб турарди, бироқ уларнинг қанчалик тўғри-нотўғрилигини билмасдинг. У кишининг ҳаётига доир маълумотлар ёпиқ эди.

Бир йили «касал бўлиб қолибдилар» деган гап тарқалган. Ўшанда бу миш-мишларни рад этиш учун самолётга намойишкорона, илгаригидан фарқли равишда шахдам қадамлар билан югуриб чиққандилар. Чет эл журналистлари билан интервью вақтида улар президентдан унинг соғлиғи ҳақида сўрашса, «Йўғэ, мана кўриб турибсизлар-ку, соппа-соғман», деб айтган вақтлари ҳам бўлган. Бунақанги ҳолатлар кўп бўлган.

Шу боис 2016 йил 28 август Ислом Абдуғаниевичнинг бетоблиги ҳақида ахборот берилганида, бу расмий бўлса-да, одамлар ишонмай, миш-миш бўлса керак, деган фикр бўлган. «Мустақиллик байрами арафасида бизни кўролмайдиганларнинг навбатдаги ғийбати» деган фикрлар ҳам бўлган.

Фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилиш бўйича режа бўлганми?

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Давлат раҳбари вафот этса, масалан, телевидение ходимлари қандай ҳаракат қилиши кераклиги бўйича бирор режа, йўриқнома бўлганми? Назаримда, бундай режа бўлмаган. Айнан қоғозга туширилган, муҳр босиб тасдиқланган ҳужжат йўқ эди. Тасаввур қилиб кўринг, сиз айтаётган ҳужжатни ўша даврда, Ислом Каримов ҳаётлигида чиқариш мумкинмиди ўзи?

Аммо бу ҳақда ахборот беришнинг формати, тўғрироғи, анъанаси бор эди. Телевизорда кун бўйи симфоник оркестр, балет ё мумтоз мусиқа қўйиляптими, одамлар ё бирор катта мусибат бўлгани, ё юқори мартабали шахслардан кимдир вафот этганидан шу йўсинда хабар топарди.

Совет давридан қолган формат бор эди — қорайтирилган, қоронғи кадр ичида аста сухандон пайдо бўлиб, ўта бир кайфиятсиз аҳволда, жуда хомуш бўлиб, салом бериб, вазминлик билан: «Бугун, фалончи ёшда, писмадончи...», дея гап бошлар, исм-шарифни ўқиш жойига етиб келгунича маълум бир манераси бўларди. «Фалончи Пистончиев» дейилиши билан сухандон йўқолиб, марҳумнинг сурати кўрсатиларди ва «вафот этди» дейиларди.

Кейин марҳумнинг таржимаи ҳоли, тиббий хулосалар, таъзияномаларни варақма-варақ ўқиш икки соатгача давом этиши мумкин эди. Мана шу формат қўлланма бўлиб қолган эди.

«Шароф Рашидов вафоти ҳақидаги хабарни ҳам халққа етказганман»

СССР етакчилари Леонид Брежнев (1982) ва Константин Черненко (1985) ва Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов (1983) кабиларнинг вафоти ҳақидаги ахборотларни ўзбекистонликларга ўқиб эшиттириш менга насиб этган. Фақат Юрий Андропов (1984) ўлими ҳақидаги ахборотни ўқимаганман, аммо дафн маросимида қатнашганман — ўша вақтда Москвада телевидение ходимлари малакасини ошириш институтида ўқиётгандим.

Алишер Бадалов ва Галина Мельникова.

Фото: Алишер Бадаловнинг шахсий архивидан

Айтишларича, некрологларни мендек ўқийдиган кам бўлган экан. Совет даврида Москвадаги марказий телевидениенинг хабарларни ўқиш тартиби, табиийки, бизга, Ўзбекистонга ҳам кўчар эди. Очиғини айтганда, «Время» дастури бутун собиқ иттифоқ республикалари учун мактаб вазифасини ўтаган. Ўша вақтдаги некрологларни ўқиш форматини диктор Игорь Кириллов белгилаб берган эди. Брежнев, Суслов (Политбюро аъзоси), Рашидов, Черненко вафоти ҳақидаги некрологларни ўша форматда ўқиганман.

«Нега мени танлашганини билмайман»

2016 йил августида, шумхабарлар тарқалган вақтда «дикторлар тайёр бўлсин», «йиғилинглар», деган топшириқлар бўлган. Ҳайдовчилардан тортиб тасвирчиларгача ҳамма чақирилган. Президент девони, Вазирлар Маҳкамасидан масъул ходимлар, телевидение раҳбарлари етиб келган. Мудҳиш хабар худди ҳавода учиб юргандек, ҳамманинг тилида: «Ислом аканинг мазалари қочган, аҳволлари оғир».

Бошида ҳолат қандайлигини, иш қандай ташкил этилишини аниқ билмаганмиз. Балки икки кишилашиб ўқилар, балки бўлиб-бўлиб — кимдир асосий қисмини эълон қилса, ортидан яна кимдир давом эттирар — жараён қандай тартибда бўлишини, форматини билмаганмиз. Мен, раҳматли Шуҳрат Қаюмов, Учқун Тиллаев — ўша вақтларда у тажриба сифатида «Ахборот»да энди-энди чиқаётган эди — ва яна бир неча ёш бошловчилар дикторлар хонасига йиғилдик.

Қандайдир мудҳиш воқеа юз бераётганини ҳаммамиз сезиб турибмиз. Шу воқеа ҳақидаги хабарни кимдир ўқийди деб, ҳаммамиз тайёр турибмиз. Вазият шу қадар кескин эдики, ҳозир буни соатма-соат эслай олмайман. Бирор воқеа юз бераётган бўлса, биз дикторлар: «Тезроқ матнни беринглар!», — деб ҳаяжонда бўламиз. Чунки бутун хаёлимиз шу матнни тўғри етказишда бўлади, хато қилиб қўймайлик, тағин хол тушириб қўймайлик, деган ўйда бўламиз.

Адашмасам, шомга яқин масъуллар кириб келишди-да, «Алишер ака, мана, матн, сиз ўқиркансиз», деб айтишди. Нима учун мени танлашганини билмайман. Сабабларидан бири — икки тилда, ўзбекча ва русча ўқишим бўлса керак. Шундай қилиб, Ўзбекистон халқига Ислом аканинг аҳволлари оғирлашгани ҳақидаги ахборотни ўқиб бердим.

Орадан икки соат ўтиб, иккинчи матнни қўлимга тутқазишди...

Президентнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитгач, қандай аҳволга тушган?

Бундай ҳолат инсон ҳаётида камдан-кам содир бўлади. Бизнинг ишимиз ижро, етказиб бериш нуқтаи назаридан қайсидир маънода санъат. Миямга биринчи бўлиб урилгани: «Бор маҳоратингни кўрсатадиган вақт келди», деган фикр бўлган. Аввало, бу мудҳиш воқеа — 25 йил Ўзбекистонни бошқарган раҳбар вафот этган, мамлакат ҳаётидаги энг катта бурилишлардан бири эди.

Бутун халқ кўз тикиб, қулоғини динг қилиб, эшитиб турган маҳал. Ўтган 25 йил кескин бурилишлар бўлмагани, бир текисда ҳаёт кечирганимиз, некрологлар ҳам ўқилганига 30 йилдан ошиб кетгани, худдики ҳамма барҳаётдек кўрингани учун тайинли тайёргарлик ҳам йўқ эди. Ана шу вазиятда ўта машъум хабарни оммага етказиш масъулияти менинг елкамга юкланди.

Президентнинг вафоти ҳақидаги хабарни ўқишга киришишимдан аввал режиссёр ёнимга келиб: «Бардам бўлинг, жуда йиғлаб ҳам юборманг, лекин жуда шошиб ҳам кетманг. Меъёрида бўлсин. Нима қилишни ўзингиз жуда яхши биласиз, сизга тушунтиришнинг ҳожати йўқ», деб ўзимни қандай тутишим кераклигини айтиб кетди. Ҳаммаси битта дублда ёзилиб, тезда эфирга бериб юборилган.

Фахрланиш десам балки вазиятга тўғри келмас, аммо ўшанда профессионализм нуқтаи назаридан мен уддаладим, деган ўйлар бўлган. Кейинчалик билсам, менинг ўқишимни раҳбарлар ҳам эътироф этган, «Тўғри танлаган эканмиз, биз ўйлаганимизчалик етказиб бера олди», дейишган экан.

«Сен ёмон хабар тарқатувчисан, сен билан кўришмайман!»

Мени ўзига яраша одамлар танир, билар, ўзимга яраша қандайдир ўрним бор эди. Аммо, қаранг, ҳаёт қизиқ-да — президентнинг вафоти ҳақидаги ахборотни ўқиганим баҳона мени янада кўпроқ танийдиган бўлиб қолишди. Бу нарсани маҳорат деса бўладими ўзи-йўқми, лекин шу мудҳиш воқеадан сўнг халқимиздан «шуни жуда яхши, одамларни юрагига етказиб ўқидингиз, ижроси санъат даражасида, жуда чиройли бўлди, ҳеч қандай ортиқча ёки етишмовчиликсиз, қиёмига етказдингиз» деган баҳони кўп олганман, кўп мақташган.

Эҳтимол чин, балки ҳазил қилиб: «Сен ёмон хабарчи экансан, сен ёмон хабар олиб келдинг», деган таънасифат гаплар ҳам бўлган. Энди айтиш ўринлими-йўқми, билмадиму, учрашувларда ошна-оғайни, дўстлар, ҳамкасблар ярим ҳазил, ярим чин қилиб: «Сен билан кўришмайман, нуқул ёмон хабарларни берадиган одамсан, сени кўрсам, ёмон воқеалар, ўлим ҳақидаги хабарлар эсимга тушиб қолаверади», деган муносабатлар ҳам бўлган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳар ким ўз ишига катта баҳо беради. Нафақат некролог, балки «Ахборот»да фармонлар, қарорларни ҳам маромига етказиб ўқиганим учун канал раҳбарияти томонидан оз бўлса-да (одамга ҳеч қачон етарли бўлмас экан-да), кўнгил учун, мотивация бўлсин деб мукофот пули бериб туриларди. Аммо айнан Ислом акага доир некролог қандайдир туртки бўлди шекилли, шу воқеадан сўнг мен «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Эҳтимол, ўша таъзияномани ўқиганимнинг таъсиридир бу ҳам.

Алишер Бадалов нега кўринмай қолди? «Қора рўйхат»га тушганми?

Мен ҳеч қачон «қора рўйхат»да бўлмаганман. Бир қатор ҳамкасбларим бу рўйхатга тушган, ҳатто ишдан ҳам бўшатилган. Масалан, бошқаларнинг нопрофессионаллиги сабаб раҳматли Раҳматилла ака Мирзаев ишдан кўп йилларга четлатилган.

Илгари «Ахборот»даги қийин-қийин матнлар жонли ўқиларди. Бунинг қанчалик қийинлиги маълум. Аммо ишга дикторликни, режиссёрлар, муҳаррирлар ишининг моҳиятини билмайдиган, тушунмайдиган нопрофессионал одамлар, баъзи ўрта бўғин раҳбарлари аралашганидан кейин иш янада қийинлашарди.

Масалан, «Ахборот»да ўқиладиган матн кундузи келади, уни тайёрлаш учун дикторга бериш керак. Йўқ, улар матннинг уёғини ўзгартиради, буёғига тузатиш киритади, «Иван Петрович Сусанин деб ўқиш керакми ё Иван Сусанин? Оддий Сусанинми ё ўртоқ Сусанин дейиш керакми?» деганга ўхшаш бўлмағур нарсалар устида бош қотириб, қаерларгадир маслаҳатлашувга қўнғироқ қилиб, эфирга 10 дақиқа қолганида чизиб ташланган ажи-бужи матнни дикторга берарди.

Диктор нима деб ёзилганини тушунмайди, тушуниб олиш, ўрганиш учун кўпроқ вақт керак. Давлат аҳамиятига молик шу икки варақ нарсани вақтлироқ олиб келса бўлмайдими? Навбатдаги шундай ҳолатдан сўнг Раҳматилла ака ўқимайман деб туриб олган, эфирга аллақачон «шапка» кетган, экранда «Ахборот»нинг соати айланяпти, буёқдан бўлса, югургилаб матнни олиб келишяпти. Раҳматилла ака ўқимайман деб, «Ахборот»ни иккинчи материал билан бошлаган, синхрон материал кетаётганида бояги матнни ўқиб олиб, кейин уни ўқиган. Шундан кейин «йўқотинглар уни» деган буйруқ келган, Раҳматилла акани бировнинг айби билан ишдан олишган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Албатта, бу жуда хунук нарса, умуман бировга зулм ўтказиш ёмон. Сенга кимгадир ёқмаса ё у сенинг рақобатчинг бўлса, рақобат ҳам ҳалол бўлиши керак, рақибни ҳалол мусобақада енгиш керак. Мен шунга — ҳалол мусобақага ўрганганман. Лекин, афсуски, ҳаётимда бировнинг оёғига болта уриш, чалиш, ёмонотлиқ қилиш ҳолатларини кўп кўрганман. Биласизми, бундай ҳолатлар кўпинча худосизликдан келиб чиқади. Олий ҳакам борлигига ишонган одам бунақанги майда-чуйда ишларни қилишга қўрқади.

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов