Икки ой олдин Fiido компанияси Fiido Х номли йиғма электровелосипедини тақдим этганди, август ўрталарида эса у Indiegogo коллектив молиялаштириш платформасига жойлаштирилган, деб хабар беради IXBT.

Фото: IXBT

Маълум қилинишича, ҳозирда маблағларни йиғиш якунланишига 11 кун қолган бўлиб, Fiido Х велосипеди ихтирочилари миллион доллардан ортиқ сармояни жалб этишга муваффақ бўлган. Indiegogo’даги электровелосипедлар учун бу мутлақ рекорд ҳисобланади.

Fiido X Lite номи остидаги базавий версия кичикроқ аккумулятор батареясига эга бўлган бўлиб, у бир марта қувватланиш орқали 60 километр йўл боса олади. Шу билан бирга, Fiido Х максимал тезликни соатига 25 километрга чиқарган ҳолда 130 километр ҳаракатланиш имконини беради. Иккала моделнинг магнийли ромлари йиғиладиган механизм ҳисобланиб, велосипедни автомобиль юкхонасида ташишни осонлаштиради.

Велосипедлардаги 7 поғонали Shimano трансмиссияси узатмаларнинг биридан иккинчисига осон ўтишини таъминлайди. Шунингдек, батарея ва ёритувчи диодлари учун кодли қулф ҳам назарда тутилган. Катта модель гидравлик тормоз тизимига, кичиги эса механик тормоз дискасига эга.

Велосипедлар савдоси сентябрь ойидан бошланади — Fiido Х нархи 1099 долларни, Fiido X Lite эса 899 долларни ташкил этади.

Аввалроқ Huawei компанияси ўзининг мустақил бошқариладиган велосипедини тақдим этганди.