«Толибон» ҳаракати жангарилари қўшиқчи ва халқ куйлари ижрочиси Фавад Андарабийни қатл этди. Бу ҳақда Times Now нашри, шунингдек, Афғонистон собиқ ички ишлар вазири Масъуд Андарабий маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фавад Андарабий

Фото: Twitter / @BamiyanLove

«Андарабда ‘Толибонънинг шафқатсизлиги давом этмоқда. Бугун улар ушбу водий ва унинг аҳолисига шунчаки хурсандчилик бахш этиб келаётган фолклор қўшиқчи Фавад Андарабийни ваҳшийларча ўлдирди», — деб ёзди собиқ вазир Twitter’да.

Times Now қўшиқчининг ўғлига таяниб хабар беришича, унинг отаси «Толибон» Афғонистонда мусиқани тақиқлаб қўйганидан кейин бир неча кун ўтиб отиб ташланган.

Аввалроқ гуруҳ вакили Забиҳулла Мужоҳид The New York Times нашрига берган интервьюсида «Толибон» Афғонистонда жамоат жойларида мусиқа ижро этилишини тақиқламоқчи экани, чунки бу, уларнинг фикрича, ислом дини қоидаларига зидлигини маълум қилганди.

The New York Times маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда гуруҳ матбуот котиби вазифасини бажараётган Забиҳулла Мужоҳид ахборот ва маданият вазири этиб тайинланиши мумкин.

«Мусиқа исломда тақиқланган, лекин биз одамларга босим ўтказмасдан, балки уларни бундай ишларни қилмасликка кўндиришга умид қиляпмиз», — деди Мужоҳид.