24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Кун тартибидаги масала юзасидан молия вазири Темур Ишметов маъруза қилган. Мажлисда таъкидланганидек, 2021 йилнинг январь—июнь ойлари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсган. Шу вақт давомида республикамиз ЯИМ ҳажми 318,5 триллион сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш саноат 8,5 фоизга, қурилиш — 0,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги — 1,8 фоизга ҳамда хизматларни 8,0 фоизга ўсиши билан таъминланган.

Шунингдек, йиғилишда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан таълим-тарбияга бюджетдан етарлича маблағ ажратилаётгани, лекин Халқ таълими вазирлиги бу маблағни ўз вақтида ўзлаштирмаётгани қайд этилган. Масалан, ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағнинг 68 фоизи ўзлаштирилган, Ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси учун ажратилган маблағнинг эса 20 фоизи ишлатилмаган.

Ҳисобот даврида Халқ таълими тизимида 65,1 миллиард сўм ўзлаштириш ва камомад аниқланиб, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан уч мартага ошган. Шу жиҳатдан таълим соҳасида ўз ечимини кутиб турган масалаларни зудлик билан ҳал этган ҳолда бу борадаги ҳаракатларни жонлантириш лозимлигини қайд этилган.

Аввалроқ Самарқанддаги давлат муассасаларида 563 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани, Жиззахда 123 млн сўм кредит маблағларни талон-торож қилиб ўзлаштирган раҳбарга жиноий иш қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.