Шавкат Мирзиёев 23 август куни «‘Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги’ эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Унга кўра, ушбу эсдалик нишони билан мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган фуқаролар мукофотланади.
Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа республика идоралари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган рўйхатларни кўриб чиқиб, тасдиқлайди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери Нурдинжон Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов, вазирликлар, идоралар ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ва бошқа мутасадди раҳбарлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонларини Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Президент номидан тантанали вазиятда топширишни таъминлайди.
Изоҳ (0)