UzAutoSavdo мобил иловаси орқали Chevrolet Spark автомобили учун шартнома тузиш яна тикланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

19 август куни ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors’га қарашли ушбу мобил илова орқали Spark автомобилини сотиш тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Spot’нинг компания матбуот хизматига таяниб аниқлик киритишича, тизим мавжуд комплектация бўйича барча шартномаларни реализация қилиб бўлганидан сўнг ўзи контрактация тақдим этишни тўхтатади. Яъни, компания автомобиль йиғиш имконияти даражасидан ортиқ шартнома тузмайди.

UzAuto Motors’нинг билдиришича, бутун дунё автомобилсозлик саноатида кузатилаётган глобал микрочипларнинг танқислиги сабабли уларнинг етказилиб берилиш муддатида бироз кечикишлар бўлиши мумкин. Шу сабабли тузилган янги шартномалар бўйича Spark автомобилини ўз эгаларига етказиб бериш 2022 йилнинг февраль ойидан бошланади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки олти ойида 108 780 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 34 675 донага кам. 2021 йилда деярли барча моделларни ишлаб чиқариш қисқарган, айниқса, бу Spark’га қаттиқ таъсир кўрсатган — ушбу моделни ишлаб чиқариш қарийб 60 фоизга тушиб кетган.

Май ойларида UzAuto Motors яримўтказгичлар танқислиги сабаб ишлаб чиқариш кескин тушиб кетгани ва оқибатда етказиб бериш муддатлари ҳам узайганини маълум қилганди.

Компаниянинг ҳар бир автомобилида 100-300 та яримўтказгичлардан фойдаланилган эҳтиёт қисмлар мавжуд. Улар спидометр, электр кучайтиргич, магнитола, шунингдек, навигация ва бошқа жойларда ишлатилади. GM автомобиль заводлари ҳар ҳафта яримўтказгичларни глобал миқёсда тақсимлайди.

Жараён тўрт босқичга бўлинган — ишлаб чиқаришдан тақсимлаш штабига, у ердан етказиб берувчи ва автомобиль заводига. Масалан, Cobalt учун модуллар Мексикадан, Nexia, Lacetti, Spark учун эса Жанубий Кореядан олиб келинади.