Германиянинг Schmid GmbH компанияси уч эшикли Lada Niva йўлтанламасининг электродвигателда ҳаракатланадиган версиясини яратди. Бу орқали компания ўзининг янги маҳсулоти — Elantrie эҳтиёт қисмлари жамланмасини реклама қилишга уринган. Ишлаб чиқарувчининг фикрича, улар ёрдамида деярли ҳар қандай анъанавий моторли автомобилни электрокарга айлантириш мумкин, деб хабар беради Motor.
Lada Niva Legend’ни қайта ишлаш давомида унинг 1,7 литрли классик мотори олиб ташланган. Унинг ўрнига Schmid GmbH муҳандислари 65 киловатт ёки 85 от кучини тақдим этувчи электродвигатель ўрнатган. У сиғими 30 киловатт-соатга тенг литий-темир-фосфатли батарея бўлиб, бир марта қувватланиш орқали машинанинг 300 километр ҳаракатланишини таъминлайди. Компаниядагиларнинг айтишича, аккумулятор тўққиз марта қайта қувватланиш циклига бардошли — бу 25 йилга етади дегани. Бундан ташқари, автомобиль юкхонасида 220 вольтли розетка ҳам пайдо бўлган.
Schmid GmbH компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, Lada ҳайдовчиси йилига ўртача 2190 литр бензин сарфлайди (3175 евро). Бу муддат давомида электрлаштирилган Niva эса 1174 евролик энергия сарфлайди (киловатти 0,30 евродан). Шу орқали ҳайдовчи йилига 2 минг евро тежаб қолади.
Бу каби электродвигателни Lada’дан ташқари Dacia (Renault) Sandero’га ўрнатиш таклиф этилади. Жамланма нархи номаълум, аммо Lada Niva нархи эълон қилинган: 19 990 евро.
Аввалроқ Хитойда 10 киши сиғадиган электромобиль 4 минг доллар қийматида сотувга чиққани, Хитойнинг Roewe Marvel R йўлтанламаси 5G V2Х функциясига эга дунёдаги биринчи «ақлли» электромобилга айлангани, Хитойда таксичилар учун идеал автомобиль тақдим этилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)