Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқотда кўп қиррали Ўзбекистон–Германия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди.
Афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда минтақадаги вазият юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди. Афғонистондан Германия фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилади.
Бундан аввал Ўзбекистон президенти ва Владимир Путин Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилгани ҳамда Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон матбуотига интервью бергани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)