Гаитида юз берган 7,2 магнитудали зилзила қурбонлари сони 1 297 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат фуқаро мудофааси бошқармасига таяниб, CNN хабар берди.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Жанубий департаментга тўғри келади – 1 054. Яна 119 қурбон Гранд-Анс департаменти аҳолиси орасида қайд этилган. Нип департаментида 122 киши, Шимоли – ғарбий департаментда икки киши ҳаётдан кўз юмган.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 5,7 мингдан ортиқ одам жароҳатланган, улардан 3,2 минг киши касалхонага ётқизилган. Вайроналар остидан одамларни қидириш давом этмоқда.
Зилзила оқибатида қарийб 13 700 та иншоот бутунлай вайрон бўлган, яна 13 785 та уй шикастланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Гаитидаги зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун камида 8 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффиц Twitter’да маълум қилди.
«Гаитида юз берган зилзилага гуманитар ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлаш учун Фавқулодда вазиятларда иш кўриш марказий фондидан 8 миллион доллар ажратмоқдаман. Бу маблағ табиий офатдан зарар кўрган одамларга тиббий ёрдам, тоза сув, вақтинчалик бошпана ва санитария чоралари учун юборилади », — деб ёзади у.
14 август куни Гаити қирғоқларида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлганди. Зилзила эпицентри пойтахт Порт-о-Пренсдан 125 км ғарбда жойлашган. Гаити бош вазири Ариэл Анри мамлакатда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Изоҳ (0)