Тана ҳарорати юқори бўлган ва коронавирусга чалинган абитуриентлар учун қайта тест синови ташкил этиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда ДТМ хабар қилмоқда.
«COVID-19 пандемиясига қарши курашиш тадбирларини инобатга олиб 2021/2022-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш учун тест синовларини ўтказишда санитария-эпидемиология талабларини белгилаш тартибини тасдиқлаш ҳақида» Давлат тест маркази ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭО ва ЖС) нинг қўшма қарори қабул қилинди.
Унга кўра, тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тест синовларига киритилмаган абитуриентларга тест синовлари ўтказилаётган ҳудудда Давлат тест маркази ҳамда СЭО ва ЖС вакили томонидан далолатнома расмийлаштирилади.
Давлат тест марказига коронавирус касаллиги тасдиқланиб, даволанаётган абитуриентлар ёки уларнинг вакиллари томонидан республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунланганга (16 август) қадар онлайн ариза ва тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилганлар тўғрисидаги маълумотлар тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 3 кун ичида СЭО ва ЖСга текшириш учун тақдим этилади.
Бунда абитуриентлар ёки уларнинг вакиллари аризани (тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда) covid@dtm.uz электрон почта манзилига юборишлари мумкин.СЭО ва ЖС томонидан аризалар ўрганилиб, ҳақиқатан касаллиги тасдиқланган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат тест марказига 3 кун муддатда қайта тақдим этилади.
Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг 14 кун ичида мазкур тоифадаги абитуриентлар учун қайта тест синовлари ташкил этилади.
Бунда ўрнатилган тартибда ариза билан мурожаат қилган ва тўлиқ соғайган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар СЭО ва ЖС томонидан тест синовлари бўлиб ўтадиган кундан 4 кун аввал Давлат тест марказига тақдим этилади.
Қайта ташкил этилган тест синовларида тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тест синовларига қадар тўлиқ соғаймаган абитуриентлар учун бошқа тест синовлари ташкил этилмайди.
Бундан аввал Ўзбекистон ОТМларига кириш учун 5 августда ўтказилган имтиҳонларнинг натижалари эълон қилингани, ДТМ интернетда имтиҳон саволларини тарқатган абитуриентлар тест синовларидан четлатилганини маълум қилгани ҳамда ДТМ биология фанидан Миллий сертификат учун топширилган тест натижаларини бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)