Чехия Республикаси ғарбидаги Милавче қишлоғи яқинида 4 август куни эрталаб иккита йўловчи поезди тўқнашиб кетди, камида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Novinky.cz нашри хабар берди.

Фото: Twitter

Хабарга кўра, Чешске Кубицедан Прагага кетаётган Eх 351 тезюрар поезди Пилзен—Домажлице йўналиши бўйлаб кетаётган йўловчи поезди билан тўқнашган.

Denik нашрининг маълумотларига кўра, ҳодисада 50 га яқин одам жароҳатланган. Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Петр Понтзарнинг журналистларга айтишича, етти кишининг аҳволи оғир, жароҳат олган яна 31 кишининг ҳаёти хавф остида эмас.

Полиция поездлар тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Фото: Twitter

Фото: Novinky.cz

Фото: Novinky.cz

Чехия Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, поездлардан бирининг машинисти қизил чироқдан ўтиб кетган. Поезд ҳалокатининг сабаблари ўрганилмоқда. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар, шифокорлар ва полиция ишламоқда. Шунингдек, камида учта вертолёт жалб қилинган.

Транспорт вазирлиги бошлиғи ва Чехия темир йўллари раҳбарлари воқеа жойига жўнаб кетди. Германия қутқарувчилари чехиялик қутқарувчиларга ёрдам бермоқда.

Аввалроқ Покистонда иккита поезд тўқнашиб, 30 киши ҳалок бўлгани, Малайзияда метро поездларининг тўқнашуви оқибатида 200 дан ортиқ киши жароҳат олгани ҳақида хабарлар берилганди.