Тошкентнинг Сергели тумани «Қўшқўрғон» маҳалласидаги омборхонада газ портлаши юз берди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Воқеа 31 июль куни соат 19:30 ларда содир бўлган. Оқибатда корхона ходими ҳалок бўлган ва яна уч киши турли даражада тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган.

Омборхонадан ташқари, ушбу корхонанинг офис бинолари қулаб тушган ва унга ёнма-ён жойлашган дўкон ҳам қисман зарар кўрган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш хонага газ сизиб чиқиши оқибатида келиб чиққан.

Хабарда айтилишича, воқеа жойида айни дамда ФВВ қутқарувчилари, ИИВ, Бош прокуратура ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу куни Сергели туманида новвойхона ва ошхонада ёнғин келиб чиққанди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ.