«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
14:08, 31.07.2021 55426

АҚШ ҳарбийлари Ироқни тарк этмоқда. Американинг Ироқда олиб борган иккала ҳарбий кампаниясини акс эттирувчи энг муҳим фотосуратлар

АҚШ Ироқдаги жанговар миссиясини якунлади. Бу ҳақда 26 июль куни АҚШ президенти Жо Байден ва Ироқ бош вазири Мустафо ал-Казимий эълон қилди. Ироқда АҚШ бошчилигидаги коалиция операцияси 2003 йилнинг 20 мартида бошланган, ўша йилнинг 1 майидаёқ кичик Жорж Буш ғалаба ҳақида эълон қилган. Операциянинг мақсади бўлган Саддам Ҳусайн ҳукуматини ағдариш амалга оширилди, аммо Америка ҳарбийлари Ироқда яна узоқ йиллар қолиб кетди. Операциянинг биринчи қисми 2011 йилда Америка контингенти расмий равишда мамлакатни тарк этгунга қадар давом этди. Аммо 2014 йилда АҚШ ҳарбийлари Ироққа қайтди ва бу сафар ИШИДга қарши кураш олиб борди. Энг янги тарихда АҚШ фақат Афғонистонда бундан кўпроқ вақт жанг қилган. АҚШнинг Ироқдаги ҳар иккала операциясига оид энг муҳим воқеалар Meduza мақоласидаги суратларда акс этган.

Сўнгги 17 йил ичида Ироқдаги ўлимлар сони тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ, аммо, энг консерватив ҳисоб-китобларда Америка ҳарбий операциясининг дастлабки уч йилидаёқ камида 100 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида гап боради. Тўрт миллиондан зиёд ироқлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 2003- йилдан 2011 йилгача коалиция аскарларидан 4799 нафари, шу жумладан 4,4 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Ироқдаги урушни ёритиш мобайнида камида 136 нафар журналист ўлдирилган.

2003 йил 21 март, Бағдод. Ироқдаги операциянинг дастлабки кунларида коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари пойтахтни кенг миқёсда бомбардимон қилди. Авиазарбалар ҳукумат бинолари, муҳим инфратузилмага ҳамда Саддам Ҳусайн, унинг оиласи ва Ироқ раҳбарияти яширинган деб гумон қилинган бункерларга берилди.

Фото: AP Photo

2003 йил 25 март. Карбало этаклари, Ироқ. Ироқдаги операция бошида қуруқликдаги жангларда бошқалар билан бир қаторда АҚШ армиясининг 3-пиёда дивизияси ҳарбийлари ҳам иштирок этди. Марш чоғида зирҳли техника колоннаси Ироқ пойтахтидан 100 километр узоқликда қум бўрони туфайли бир муддат тўхтаб қолди. 9 апрель куни 3-пиёда дивизияси аскарлари денгиз пиёда аскарлари билан бирга Бағдодга биринчи бўлиб кириб келди.

Фото: AP Photo

2003 йил 9 апрель. Бағдод. Пойтахт жангсиз эгалланди. Мамлакатда ҳукумат алмашинувининг рамзига айланган Ҳусайн ҳайкалининг қулатилиши шу куни бутун дунё телеканалларида намойиш этилди. Бир гуруҳ ироқликлар дунё журналистлари яшаб турган меҳмонхона ёнидаги майдонда ҳайкални уриб йиқитишга киришди. Аммо охир-оқибат ёдгорлик Америка ҳарбийлари томонидан шатакчи транспорт билан қулатилди. 

Фото: Reuters

Ушбу ҳайкал Ҳусайннинг Бағдоддаги асосий ёдгорлиги бўлмаса-да, у чет эллик журналистлар яшайдиган меҳмонхонадан унчалик узоқ бўлмаган майдонда жойлашган. Шу сабабли унинг бузилиши ҳарбий операциянинг ушбу босқичи рамзига айланган. 2003 йилнинг апрель ойида Бағдодда ишлаган журналист Питер Маас 2011 йилда The New York газетасида чоп этилган мақоласида ўша кунги воқеаларни батафсил тасвирлаган.

2003 йил 1 май. Тинч океани. АҚШ президенти кичик Жорж Буш «Авраам Линколн» авиаташувчи кемасининг палубасида нутқ сўзламоқда. «Асосий жанговар операция тугади. АҚШ ва иттифоқчиларимиз Ироқ урушида ғалаба қозонди», — дея эълон қилди Буш. Унинг қўшимча қилишича, Ироқда «ҳали қиладиган иш кўп», аммо «бурилиш лаҳзасидан ўтилди».

Фото: AP Photo

2003 йил 31 май. Ал-Мусайиб шаҳри атрофи, Ироқ. Ҳусайн даврида ўлдирилган шиаларнинг оммавий қабридан қазиб олинган жасадлар. Ал-Мусайиб шаҳри атрофидаги оммавий қабрда 650 дан ортиқ одам дафн этилган.

Фото: Getty Images

2003 йил 16 сентябрь. Тикрит, Ироқ. Ҳусайннинг саройларидан бирида АҚШ ҳарбийлари бейсбол ўйнамоқда. Қароргоҳнинг бир қисми талон-торож қилинган, омон қолган ҳашаматли интерьерларнинг фотосуратлари ва видеолари бутун дунё бўйлаб оммавий ахборот воситаларида намойиш этилган.

Фото: Reuters

2003 йил 14 декабрь. Коалиция кучлари Бағдодга кирганидан саккиз ой ўтгач Тикрит яқинида Саддам Ҳусайн қўлга олинган. Эски-туски кийимда, соч-соқоллари ўсган Ироқ собиқ президентини бир қараганда таниш қийин бўлган. Ҳусайн инсониятга қарши кўплаб жиноятларда, шиалар ва курдларни қирғин қилишда, шунингдек, 1990 йилда Кувайтга қилинган ҳужумда айбланган. Ҳибсга олинган Ҳусайн ва унинг ҳукумати аъзолари ишини кўриб чиққан трибунал 2005 йилда Ироқнинг собиқ президентига ўлим жазосини тайинлади. Айбини тан олмаган Ҳусайн 2006 йил 30 декабрда қатл этилган. У осиб ўлдирилган.

Фото: AP Photo

2004 йил 31 март. Фаллужа, Ироқ. Фаллужада исёнчилар Ироқда АҚШ ҳукумати билан шартнома асосида ишлаётган Blackwater хусусий хавфсизлик компанияси ходимларини ўлдирган: уларнинг жасадлари топталган ва Фрот дарёсидан ўтувчи кўприкка осиб қўйилган. (Сурат шафқатсизлик, зўравонлик ва ўлим саҳналари мавжудлиги туфайли мақолага жойлаштирилмади).

Blackwater ходимларининг ўлими АҚШ ҳарбийларининг кескин жавобига сабаб бўлди, улар Фаллужани шиддатли ҳужум билан эгаллади. Қурбонларнинг қариндошлари Blackwater’ни Фаллужага зарур тайёргарликка эга бўлмаган ходимларни юборганликда айблади. 2007 йил сентябрь ойида Blackwater ходимлари Бағдод марказида отишма уюштириб, 17 нафар Ироқ фуқаросини ўлдирди, 20 га яқин одамни яралади. Ўшанда Ироқ ҳукумати Blackwater компаниясидан мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишни талаб қилди.

2003 йил 4 ноябрь. Абу Грэйб қамоқхонаси, Ироқ. Абу Грэйб шаҳрида Ҳусайн даврида қурилган қамоқхонада АҚШ ҳарбийлари коалицияга қарши жиноятда айбланган маҳбусларни сақлаган. 2004 йилда маҳбуслар қийноққа солингани ва уларга шафқатсиз муносабатда бўлингани маълум бўлди. Ҳарбийлар қийноқ жараёнини суратга олган, қийноққа солинаётган одамлар олдида суратга тушган. Суратдаги инсон Абу Грэйбдаги асирлардан бири — Абду Ҳусайн Саад Фалеҳ. Абу Грэйбдаги қийноққа солишлар АҚШ ичида ҳам, ташқарисида ҳам кўплаб терговларга сабаб бўлди.

Фото: Criminal Investigation Command

2003 йил 12 декабрь. Абу Грэйб қамоқхонасидаги маҳбус итларга талатилмоқда. (Сурат шафқатсизлик, зўравонлик ва ўлим саҳналари мавжудлиги туфайли мақолага жойлаштирилмади).

11 ҳарбий хизматчи, шу жумладан икки аёл Абу Грэйбдаги маҳбусларни қийноққа солиш иши бўйича айбланган. Улар бир неча ойдан бир неча йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Абу Грэйбдаги барча маҳбуслар бошқа қамоқхоналарга кўчирилган.

2004 йил 11 май. Абу Грэйб қамоқхонасидаги маҳбусларнинг қариндошлари. Абу Грэйбдаги қийноқлар ҳақида маълум бўлгандан сўнг, у ерда сақланган тўрт ярим минг маҳбуснинг барчаси бошқа қамоқхоналарга ўтказилди. Ушбу фотосурат муаллифи германиялик Аня Нидрингаус ҳамда бошқа фотосуратчилар Ироқдаги урушни ёритгани учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлган. 2014 йилда Нидрингаус Афғонистонда полиция ходими унинг машинасига ўқ узиши оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: AP Photo

2004 йил 8 август. Бағдод. «Маҳди армияси» аъзолари Америка вертолётининг паррагини кўтариб олган. Шиаларнинг радикал раҳбари Муқтада ас-Садр бошчилигидаги «Маҳди армияси» 2004 йилда бир неча ой давомида Бағдоднинг бир қисмини назорат қилди. Ас-Садр тарафдорларининг даъво қилишича, улар Америка вертолётини уриб туширган. Америка қўмондонлиги фавқулодда қўниш бўлганини айтиб, иккала учувчи ҳам соғ-саломатлигини таъкидлаган.

Фото: Reuters

2004 йил 22 ноябрь. Фаллужа, Ироқ. Фаллужага шиддатли ҳужум уюштириш. Ҳусайн режими ағдарилганидан буён АҚШнинг Ироқдаги энг йирик ҳарбий операцияси бўлди. Исёнчиларнинг таянч пункти бўлган мазкур шаҳарнинг эгалланиши январь ойида Ҳусайнсиз ўтадиган биринчи сайловлар олдидан Ироқдаги вазиятни нормаллаштиришга ёрдам бериши керак эди. Сайловлар кўплаб терактлар, шу жумладан ҳудкуш террорчилар иштирокидаги ҳужумлар билан бирга ўтди; жангариларнинг ҳужумлари яна кўп йиллар давом этди.

Фото: Getty Images

2005 йил 23 февраль. Бағдод. АҚШ ҳарбийлари пойтахт атрофида патруллик қилмоқда. Кампания бошланганидан кейинги дастлабки йилларда Ироқдаги Америка контингентининг асосий вазифаларидан бири Ироқ ҳарбийлари ва полициясига хавфсизлик назоратини топшириш учун уларни ўқитиш бўлган.

Фото: Getty Images

2005 йил 18 январь. Тал Афар, Ироқ. Беш ёшли Самар Хасаннинг ота-онаси сал аввал ҳарбийлар томонидан отиб ўлдирилган. Улар автоуловда тасодифан Америка патрулига яқин келган ва тўхташ ҳақидаги буйруққа бўйсунмаган. Самарнинг 11 ёшли акаси жиддий жароҳат олиб, танасининг қуйи қисми фалаж бўлиб қолган. Болани АҚШда даволашган. Ушбу сурат муаллифи, америкалик фотосуратчи Крис Хондрос 2011 йилда Ливияда АҚШ ҳарбийлари иштирокидаги навбатдаги кампания чоғида ҳалок бўлган. Ушбу кадр World Press Photo (2006) танловида «Тезкор янгиликлар» категориясида иккинчи ўринни эгаллади.

Фото: Getty Images

2005 йил 30 январь. Басра, Ироқ. Полициячи сайлов участкасига ногирон киши миниб келган эшак аравани текширмоқда. Саддам Ҳусайн режими ағдарилгандан сўнг биринчи марта ўтказилган Ироқдаги сайловлар бутун мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган қатор терактлар билан бирга ўтди. Атеф Ҳассан томонидан олинган ушбу сурат Reuters талқини бўйича 2005 йил суратига айланди.

Фото: Reuters

2007 йил 1 февраль. Рамади, Ироқ. Ғарбий Ироқдаги Рамади шаҳри коалиция кучларига қаршилик кўрсатишнинг асосий таянчларидан бири бўлган. АҚШ ҳарбий кучлари Рамадидаги исёнчилар билан тўқнашувда кўплаб аскарларидан айрилган. Сурат тунги кўриш мосламаси ёрдамида олинган. Ўша пайтда исёнчиларда бундай юқори технологик ускуналар йўқ эди.

Фото: Getty Images

2007 йил 12 февраль. Бағдод. Пойтахтдаги теракт содир этилган жой, у ерда машиналарга ўрнатилган иккита портловчи мослама портлаган. Американинг Ироқдаги кампанияси мобайнида ҳалок бўлганлар сони бўйича аниқ рақамлар йўқ. Турли хил ҳисоблаш усулларига кўра, 2003—2006 йилларнинг ўзида 110 мингдан 650 минггача одам ўлган.

Фото: AP Photo

2011 йил 13 декабрь. Бағдод. Ироқ пойтахтидаги оёқ протезларини ишлаб чиқарадиган корхона. Жанговор ҳаракатлар туфайли бундай протезларга талаб кескин ошган. Коалиция операцияси бошлангандан сўнг Ироқ соғлиқни сақлаш тизими деярли йўқ қилинди — кўплаб тиббиёт ходимлари мамлакатни тарк этди ёки ҳалок бўлди.

Фото: Getty Images

2011 йил 21 ноябрь. Суратдаги бола 2006—2008 йилларда Ироқда бўлиб ўтган жанглар пайтида ҳалок бўлган отасининг ўлимида айбланаётган шахснинг ёнида турибди. Тўқнашувларда суннийлар ва шиаларнинг қуролли гуруҳлари ҳамда коалиция кучлари билан биргаликда ҳукумат кучлари иштирок этган. Минглаб одамлар ҳалок бўлган, тўрт миллиондан ортиқ ироқлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Фото: Reuters

2015 йил 23 июль. Бағдод. АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер Ироқ ҳарбийларини ўқитиш жараёнини кузатмоқда. Маҳаллий ҳарбийлар ва полицияни мамлакат хавфсизлигини мустақил равишда таъминлашга ўргатиш — АҚШнинг Ироқдаги асосий вазифалардан бири экани бир неча бор таъкидланган.

Фото: Getty Images

2014 йил 23 июнь. Мосул, Ироқ. ИШИД ҳаракати жангарилари Ироқ ҳукумат кучларидан тортиб олинган зирҳли машиналарда кетмоқда. Ироқнинг катта қисмида бирмунча вақт назорат ўрнатган ИШИДнинг кучайиши Америка контингентининг мамлакатга қайтишига сабаб бўлди.

Фото: AP Photo

2017 йил 9 июль. Коалиция авиацияси Мосулга қарши ҳаво ҳужумини қўллаб-қувватлади. Бу каби авиазабаларнинг биттаси шаҳарнинг 100 дан ортиқ аҳолисини ҳалок қилган.

Фото: AFP

2017 йил 11 март. Ироқ кучлари ва ИШИД ўртасида Мосул учун бўлиб ўтаётган жанг. Жанглар 2016 йил 24 мартдан 2017 йил 10 июлгача давом этган. Охир-оқибат Ироқ кучлари ва уларнинг иттифоқчилари мамлакатнинг ушбу иккинчи йирик шаҳри устидан назоратни қўлга олишга муваффақ бўлди. ИШИД Мосулни 2014 йилдан бери назорат қилиб келаётганди.

Фото: Reuters

2019 йил 31 декабрь. АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси олдида «Ал-Ҳашд аш-Шааби» («Халқ сафарбарлик кучлари») иштирокчиларининг норозилик ҳаракати бўлиб ўтмоқда. Ҳаракат иштирокчилари асосан шиа кўнгилли аскарларидан иборат бўлиб, улар Ироқда ИШИДга қарши курашган. Норозилик акциясига АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг аскарлар лагерларига йўллаган зарбалари сабаб бўлган.

Фото: Reuters

2007 йил 27 май. Арлингтон миллий қабристони, АҚШ. Мери Макху қаллиғи — Ироқда қўлбола бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган сержант Жеймс Реганнинг қабри ёнида. Реган Ироқ ва Афғонистонда ҳалок бўлган АҚШ ҳарбийлари учун мўлжалланган қабристоннинг энг янги қисми — 60 майдонга дафн этилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2003 йилдан 2013 йилгача Ироқда 4424 аскар ҳалок бўлган.

Фото: Getty Images

2021 йил 21 июль. Нажаф, Ироқ. Шиалар учун муқаддас бўлган Нажаф шаҳридаги Водий ал-Салом қабристони. Суратда қабристоннинг жанговар ҳаракатлар иштирокчилари дафн этилган бир парчаси. 2003- йилдан бери қабристоннинг майдони сезиларли даражада кенгайди, бунга ИШИД билан жангларда ҳалок бўлганларнинг қабрлари ҳам сабаб бўлди. Уч йиллик танаффусдан сўнг, 2014 йилда Америка ҳарбий контингенти ИШИДга қарши курашиш учун Ироққа қайтиб келган.

Фото: AFP

2021 йил 4 июль. Мосул. АҚШ Ироқдаги жанговар миссиясини 2021 йилнинг охирига қадар якунлашни режалаштирмоқда. Шундан сўнг ҳам мамлакатда Америка ҳарбийлари қолиши мумкин, аммо фақат инструктор ва маслаҳатчи сифатида.

Фото: Reuters

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Бошқа янгиликлар