30 июль куни Ўзбекистонга коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси олиб келинди. Вакцина АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида ажратилган бўлиб, махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан мамлакатга етказиб берилган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Аэропортда юкни қабул қилиб олиш жараёнида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, Давлат бош санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм, USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Кристофер Фицпатрик ва бошқа масъуллар иштирок этган.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Таъкидланишича, Moderna компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратган.

Маълумот учун, Moderna вакцинаси АҚШда қўлланилаётган 3 та вакцинадан бири ҳисобланади. Шунингдек, АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотига кўра, Moderna компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади.

Moderna вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган (Pfizer, Johnson & Johnson компанияларининг вакциналари, шунингдек, AstraZeneca компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади. ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб, уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.

Фото: ССВ матбуот хизмати

ЖССТнинг маълумотига кўра, вакцина кўп дозали флаконда Цельсий бўйича -25 даражада дан -15 даражагача бўлган музлатилган суспензия сифатида етказилса-да, флаконларни биринчи дозани олишдан олдин 30 кунгача Цельсий бўйича 2—8 даража ҳароратда совутгичда сақлаш мумкин. «Бу дегани препаратни жойларга етказиш учун совуқлик занжирини таъминловчи ускуналар бўлиши ҳар доим ҳам шарт эмас. Уни оддий совуткичда ҳам сақласа бўлади. Мазкур вакцина тери остига юборилади, эмлаш 28 кунлик интервал билан икки дозадан иборат», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг март ойида COVAX дастурига асосан 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилган эди. Шундай қилиб, мамлакатдаги жами вакцина захираси 12 миллион 580 минг 60 дозани ташкил қилмоқда.

Улардан:

  • 370 минг дозаси «Спутник V»;
  • 710 минг дозаси AstraZeneca;
  • 8,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001;
  • 3 миллион 60 дозаси Moderna вакцинасидир.

Қайд этилишича, 30 июль куни соат 11:00 да Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати биносида расмий вакиллар иштирокида Moderna вакцинасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтади.

Аввалроқ Озарбайжон Ўзбекистонга 50 минг доза AstraZeneca вакцинасини юборгани, мамлакатга 1,2 миллион доза Pfizer вакцинаси олиб келиниши тўғрисида хабар берилганди.