Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида сўнгги 5 йил ичида жаҳоннинг 17 мамлакатига жами 44 марта сафарга чиққан. Давлат раҳбарига Бельгиядан тортиб Бангладешгача бўлган давлатлар ташриф учун таклиф билан чиққан. 2019 йилда Мирзиёев бир йилнинг ўзида 36 та хориж сафарига чиқиши режалаштирилган эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар Президентнинг ташрифлар географияси кенгайишини ортга суриб келмоқда.

«Дарё» Шавкат Мирзиёевнинг хориж сафарлари бир қисмини акс эттирувчи фотосуратларни бир саҳифага жамлади.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди (2017 йил 6 март). Мазкур сафар Мирзиёев учун Президент сифатидаги илк хорижий ташриф саналади. Суратда Туркманистон президенти Мирзиёевни фахрий қоровул иштирокида аэропортда кутиб олмоқда. Кейинчалик Президент ушбу мамлакатга яна 5 марта борган

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди. Суратда Президентни мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Бакитжон Сагинтаев ҳамда ҳукумат аъзолари фахрий қоровул иштирокида кутиб олмоқда (2017 йил 22 март). Мирзиёев энг кўп ташриф билан борган мамлакат айнан Қозоғистон ҳисобланади — жами 7 марта. 

Фото: Primeminister.kz

Президент Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Москвага келган вақтида (2017 йил 4 апрель) ҳукумат аъзолари томонидан фахрий қоровул билан кутиб олинмоқда. Президент Россияга Қозоғистон билан тенг равишда жами 7 марта сафар қилган. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Хитойга ташриф буюрган (2017 йил 11 май). Президент кейинчалик Хитойга яна 2 марта борган: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси (2018 йил) ҳамда «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумида (2019 йил) иштирок этган. 

Фото: Reuters

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 2017 йилнинг 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўладиган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган. Бу ҳозирча Президентнинг ушбу мамлакатга қилган ягона сафари. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига келган чоғида (2017 йил 5 сентябрь) тантанали кутиб олинмоқда. Президент кейинроқ ушбу давлатга 2 марта борган. Биринчисида (собиқ) президент Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан, иккинчисида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида (2019 йил) иштирок этиш учун

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25 октябрь куни Туркияга ташриф буюрган вақтида Анқарадаги Президент мажмуасида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан тантанали кутиб олинган. Суратда Мирзиёев турк тилида «Мерҳаба аскер», дея фахрий қоровулга салом йўлламоқда. Президент ушбу мамлакатга иккинчи марта 2020 йилнинг 19 февраль куни расмий ташриф билан борган

Фото: Anadolu

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга ташриф буюрган. 2017 йил 22 ноябрь.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида 2018 йил 9 март куни мамлакат президенти Эмомали Раҳмон томонидан Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими. Президент кейинчалик ушбу давлатга яна 3 марта борган. Булар: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси (2018 йил 27 сентябрь), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити (2019 йил 14 июнь) ҳамда Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокара олиб бориш учун 2018 йил 17 май куни Пентагонда фахрий қоровул ҳамроҳлигида кутиб олинмоқда. Президент аввалроқ, яъни, 2017 йилнинг 18 сентябрида ушбу мамлакатга илк ташрифини амалга оширган. Унда давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлаган. Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди тақсимловчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлат раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказган

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 2018 йил 1 октябрь куни «Раштрапати Бхаван» саройида Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинд ва бош вазир Нарендра Моди томонидан кутиб олинмоқда. Президент кейинроқ ушбу давлатга Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида (2019 йил 17 январь) иштирок этиш учун ҳам борган.

Скриншот: Президент матбуот хизмати

Париж шаҳридаги Шон-шараф майдонида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими. 2018 йил 9 октябрь.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бельвю саройида Ўзбекистон Президентини Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмаер кутиб олмоқда. 2019 йил 21 январь.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби халқаро аэропортида Президентни БАА бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олмоқда. 2019 йил 24 март.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳамроҳлигида Минск шаҳридаги Мустақиллик саройига кириб келмоқда. 2019 йил 1 август.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг навбатдаги саммити тадбирларида иштирок этиш учун Боку шаҳрига келганида Озарбайжон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Аюбов, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олмоқда. 2019 йил 14 октябрь.

Фото: Азер ТАС

Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи асосий тадбирлари Токиода бўлиб ўтган. Суратда давлат раҳбари Япония бош вазири Синдзо Абэ томонидан Кантей қароргоҳида кутиб олинмоқда. 2019 йил 19 декабрь.

Фото: Президент матбуот хизмати