Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Тольятти шаҳрида жойлашган хостелда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан юз берган ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
20 июлга ўтар кечаси Тольяттидаги хостелда яшовчи 23 нафар хориж фуқаросида оммавий касалланиш кузатилгани, натижада уларнинг 13 нафари заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилгани тўғрисида хабар берилганди.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ушбу ҳолатни ўрганган.
Аниқланишича, Тольяттидаги хостелда вақтинча яшовчи меҳнат мигрантлари ўртасида оммавий касалланиш оқибатида 13 нафар чет эл фуқароси 5-шаҳар шифохонасига ётқизилган. Шифохонада даволанаётган ушбу фуқароларнинг 9 нафари Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Беморларнинг барчасига «номаълум бактериал ичак инфекцияси» ташхиси қўйилган ва уларнинг ҳолати қониқарли.
Шунингдек, беморларнинг бир нафарида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли 1-шифохонага ўтказилган.
Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу фуқароларга юридик ва тиббий ёрдам кўрсатилишига тайёрлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг июлида Россиянинг Самара вилоятида 46 нафар ўзбекистонлик заҳарланган эди.
Изоҳ (0)