Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги шифохонанинг шарт-шароити санитария талабларига жавоб бермаслиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан вилоят прокуратураси туман тиббиёт бирлашмаси масъулларига жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят прокурори Эркабой Тожиев топшириғига кўра, вилоят прокурори ўринбосари Алишер Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ видеодаги ҳолатни ўрганиб чиққан.«Ўрганиш натижаларига кўра, Шаҳрисабз туман юқумли касалликлар шифохонасининг ошхона ва омборхона қисмларида озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, тайёрланиши, бино аҳволи санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Шундан сўнг, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси томонидан шифохона бош шифокори Б.Санаев, омбор мудири Ж.Раҳматов, ошхона бекаси Л.Бадиевалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 53-моддаси (санитария қонунчилигини бузиш) билан жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига нисбатан жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» «г» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-тарож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, жиноят иши доирасида, юқумли касалликлар шифохонасида амалга оширилган қурилиш таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)