Шавкат Мирзиёев 26 июль куни Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлиги бўйича халқаро конференция дастури доирасида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 11—12 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташрифнинг самарали натижалари юқори баҳоланди, улар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаб, аниқ мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин давлат раҳбарига Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг биродарлик саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда қабул қилинган «йўл харитаси» асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги устувор лойиҳаларни ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар — Афғонистондаги вазият ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриб чиқилди.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ушбу халқаро конференция доирасида Хитой ташқи ишлар вазири Ван Iни, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкарни, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилганди.
Давлат раҳбари, шунингдек, Афғонистон ҳамда Покистон президенти билан учрашди, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелни қабул қилди.
Изоҳ (0)