Ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар ИИББга тегишли хизмат автомобили иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видеотасвир бўйича маълумот берилди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 11 июль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ патруль-пост хизмати ходими сафдор 35 ёшли А.У. хизматдоши сафдор Ж.З. билан Nexia-2 русумли патруль автомобилида хизмат олиб бораётган бўлган.

Улар Бунёдкор шоҳкўчасида «Эркин» ЙПХ постидан пойтахт автовокзали томонга ҳаракатланиб кетаётган вақтида «Чилонзор буюм савдо комплекси» савдо комплекси ёнида олдинда ҳаракатланиб кетаётган ва тўсатдан тўхтаган Nexia-1 русумли автомобиль билан тўқнашиб кетган.

ЙТҲ сабаби – пиёда ўрнатилган қоидаларга риоя этмасдан автомобилнинг олдидан чиқиб қолган ва автомобиль тезкорлик билан тўхташга мажбур бўлган.

Тўқнашув натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган, транспорт воситалари жиддий шикастланмаган ва тарафлар ўзаро келишиб олгани сабабли йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ЙПХ инспекторига хабар берилиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва томонлар ўз йўналишида ҳаракатни давом эттирган.

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ўрганилмоқда.

Аввалроқ Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ юз бергани ва ходимга нисбатан хизмат текшируви бошлангани тўғрисида хабар берилганди.