Россиянинг Мозори-Шарифдаги бош консуллиги дипломатлари Афғонистондаги вазиятнинг оғирлашиши сабабли Ўзбекистонга кўчирилди. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё иккинчи департаменти раҳбари Замир Кабуловнинг сўзларига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.

Фото: Myseldon

Таъкидланишича, консуллик ходимлари афғон-ўзбек чегараси яқинидаги Хайратон шаҳрида фуқароларни қабул қилишни давом эттиради.

«Ходимларимиз хавфсизлиги учун биз уларни вақтинча Ўзбекистон ҳудудига олиб келдик», — дейди Кабулов.

Дипломат айни пайтда Кобулдаги элчихонадаги россиялик дипломатларга ҳеч нарса таҳдид солмаётганини таъкидлади.

Бундан аввал Ўзбекистон чегарасини 20 кун ичида қанча афғонистонлик бузиб ўтгани маълум қилингани, Австралия ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетгани ҳамда «Толибон» Москвадаги музокараларда Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.