Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида Nexia ва юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил машина ҳайдовчиси вафот этди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 7 июль куни соат 06:30 ларда Қашқадарё вилояти ЙҲХБга А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Денов автомобиль йўлининг Муборак тумани ҳудудидан ўтувчи 115-километрида Nexia автомобили ағдарилиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Аниқланишича, Муборак тумани йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia автомобили йўлнинг ўйдим-чуқурликлари ва нотекислиги сабаб ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «КамАЗ» юк машинасининг ғилдиракларига урилиб кетиб, йўлнинг четига ағдарилган.

ЙТҲ содир бўлган 172-йўл бўлим бошлиғи Ойбек Темировнинг сўзларига кўра, авария содир бўлган жойда йўл чизиқлари чизилган, етарлича йўл белгилари ўрнатилган, йўлдаги нотекисликларни бартараф этиш учун «Мунтазам йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси директори Ҳусниддин Худойбердиевга талабнома қилинган.

«Йўлнинг нотекислигини бартараф қилиш менга боғлиқ эмас. ‘Катталарга’ амалий ёрдам кўрсатишлари учун талабнома ёзилган. 1 ой-у 6 кун бўлди, ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмади», — дейди Темиров.

Натижа бўлмагани учун нима сабабдан юқори турувчи органлар, хусусан, прокуратурага мурожаат қилмагани тўғрисида саволга Ойбек Темиров «улар 10-15 кунда ёрдам кўрсатилишини айтиб, берган ваъдаларига ишонганини» билдирган.

Аввалроқ Наманганда Nexia-3 бетон тўсиққа урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, йўловчи эса реанимацияга жойлаштирилгани, Самарқандда Lada Largus ва Mercedes юк машинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани, Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарувидаги Nexia пастликка тушиб кетгани тўғрисида хабар берилганди.