АҚШнинг Флорида штати ҳукумати Майами яқинидаги Сёрфсайд шаҳарчасида 12 қаватли турар жой биноси қулаб тушган жойда олиб борилаётган қидирув-қутқарув ишларини тўхтатди. Бу ҳақда  Майами-Дейд округи губернатори Даниэлла-Ливайн Кавага таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: AP Photo

«Айни пайтда биз қидирув-қутқарув операцияси учун мавжуд бўлган барча имкониятларни астойдил ишга солиб бўлдик», — деган округ раҳбари.

7 июль куни кечқурун расмийлар ҳодиса қурбонлари сони 54 кишига етгани ҳақида хабар берди. Яна 86 киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. Бино қулаб тушганидан икки ҳафта ўтиб, тирик қолиш эҳтимоли нолга тенг, деган Майами-Дейд ёнғин хизмати бошлиғининг ёрдамчиси Рей Жадалла бедарак йўқолганларнинг оилаларига.

Текширув маълумотларига кўра, бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган, тахминан, 70 киши уй қулаб тушган пайтда ҳақиқатан ҳам бино ичида бўлган. Бироқ ўша куни бинода бўлгани тахмин қилинаётган яна 20 га яқин кишининг қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни эрталаб ушбу 135 та хонадондан иборат 12 қаватли бино қулаб тушган эди. Баъзи манбаларда 13 қаватли деб айтилган бино нима сабабдан қулагани номаълум. 26 июнь куни кечга келиб беш кишининг жасади топилган, икки ярадор эса оғир аҳволда эди.

5 июнь куни бинонинг омон қолган қисми портлатиб, тўлиқ бузиб ташланди.  Шу муносабат билан бедарак йўқолганларни қидириш вақтинча тўхтатилган ва бузиш ишларидан кейин қайта тикланиши айтилганди.