Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи 2-тармоқ газ қувурида 7 июль куни соат 05:48 да газ сизиб чиқиш ҳолати юз берди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, айни пайтда юзага келган ушбу носозлик бартараф этилмоқда, носозликни бартараф этиш ишларини хавфсиз бажариш учун «Навоий-4» газ тақсимлаш станцияси орқали газ таъминоти тўхтатилмоқда. Мазкур ишларни тўлиқ якунлаш жараёнида Навоий иссиқлик электр станциясининг 1-сон буғ-газ қурилмаси вақтинчалик тўхтатиб турилади.
Шу сабабли республиканинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, июль ойининг биринчи ярмида мамлакатимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва 6—8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.
Республика сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмоқда.
«Шунга қарамасдан, мамлакатимизда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)