Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев коронавирусга қарши эмланди
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам коронавирусга қарши эмланди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Вазир 7 июль куни #men_vaksina_oldim акцияси доирасида эмланди. Ушбу акция доирасида шу кунгача ҳукумат вакиллари, ҳокимлар, олий ўқув юртлари раҳбарлари, тиббиёт муассасалари бошлиқлари, бир қатор санъаткорлар ва кўплаб аҳоли вакиллари коронавирусга қарши вакцина олди.
Хусусан, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов «Спутник V» вакцинаси билан, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирусга қарши ўзбек—хитой вакцинаси билан, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков «Спутник V» вакцинаси билан эмланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўлланилган вакциналар сони 6 июль ҳолатига кўра 4,3 миллион дозадан ошди. Улардан 93 358 дозаси биринчи босқичда, 20 916 дозаси иккинчи босқичда ҳамда 22 014 дозаси учинчи босқичда қўлланилган.