1 июнь куни соат 16:00 ларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 27 ёшли фуқаро йўл-транспорт ҳодисасини содир этди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Бойсун тумани ҳудудидан ўтувчи 4P-125 автомобиль йўлининг 6-километрида Nexia-3 автомобили ҳайдовчиси хавфли бурилишдан ўтгач бошқарувни йўқотган ва 6 метр келадиган чуқурликка тушиб кетган.

Авария оқибатида машина ичида бўлган 17 ёшли йўловчи қиз воқеа жойида вафот этган.

Йўл-транспорт ҳодисасининг содир этилишига йўлнинг хавфли бурилиш қисмидан чиқилганидан кейин кўприк устидаги йўлнинг торлиги ва йўл четидаги тўсиқлар камлиги сабаб бўлган.

Аввалроқ Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарувидаги «Жигули» 11 ёшли пиёдани уриб юборгани ва жабрланувчи шифохонада вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.