AirCar учар автомобили Словакиянинг Нитра ва Братислава аэропортлари ўртасида 35 дақиқали синов парвозини амалга оширди. Бу Стефан Кляйн томонидан патентлаштирилган икки ўриндиқли учар автомобилнинг 142-муваффақиятли парвози ҳисобланади, деб хабар беради Esquire.
Учиш-қўниш йўлагига етиб келганидан сўнг, Кляйн битта тугмани босгач, учар аппарат автомобилда трансформация бўлган. 2 дақиқа-ю 15 сония ичида машинанинг қанотлари ва орқа думи сурилиб, спойлерга айланган. Фақатгина парвозда фойдаланиладиган ҳаво винтини эса олиб қўйишнинг иложи йўқ.
Гибрид автомобиль-самолёт BMW двигатели ёрдамида, оддий бензин ёнилғисида ишлайди. Автмобилнинг ҳаводаги тезлиги соатига 170 километрни ташкил этади. Кляйннинг сўзларига кўра, аппарат 2,5 километр баландликда 1000 километрга яқин парвоз қила олади, ҳозирга қадар у 40 соатлик парвозларни амалга оширишга улгурган.
Кляйннинг Klein Vision компанияси вакилларининг маълум қилишича, AirCar’ни икки йил давомида яратиш учун камида 2 миллион евро сарфланган. АҚШнинг ўзидан учар автомобилни харид қилиш бўйича 40 мингга яқин буюртма келиб тушган.
Аввалроқ Hyundai 2025 йилга бориб аэропортларда учар таксилар хизматини ишга туширишни режалаштираётгани, Москвада бир марта қувватланиш орқали 100 км йўл боса оладиган ҳаво таксиси синовдан ўтказилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)