Хоразм вилоятининг Урганч туманида сув таъминоти идорасининг икки ходими иш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Хоразм сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 26 июнь куни соат 20:00 ларда Урганч тумани «Олтин кўл» МФЙ ҳудудида жойлашган 1-сонли оқова сув ҳайдаш станциясида 2 нафар ишчи оқова сувларни ҳайдаш станциясидаги насосни тозалаш мақсадида қудуққа тушган.
«Хоразм сув таъминоти» МЧЖ Урганч туман бўлимига қарашли мазкур станцияда техник хавфсизлик ва шахсий ҳимоя қоидаларига риоя қилмагани оқибатида, бирламчи тахминларга кўра, иккаласи ҳам токсик газ (сероводород)дан заҳарланган ва воқеа жойида вафот этган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида сув қувури қазиётган 4 кишини тупроқ босиб қолиб, уларнинг 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлгани, Навоийда ноқонуний олтин қазиётган 4 киши заҳарланиб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)